«Толибон» ҳайит кунларида ҳужумларни тўхтатиб туришга қарор қилди
Афғонистоннинг 1TV телеканали хабарига кўра, «Толибон» ҳаракати Қурбон ҳайит кунлари ўт очишни тўхтатишга қарор қилган. Ҳаракат ўз тарафдорларини байрамда ҳукумат кучлари билан қуролли тўқнашувга киришмасликка чақирган.
Шунингдек, толиблар байрам кунларида ҳукумат кучлари назоратидаги ҳудудларга кирмайди. Айни пайтда улар афғон армияси ҳам операциялардан тийилишига умид билдирди. Афғонистон ҳукумати эса «Толибон»нинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Мамлакат президенти матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқийнинг айтишича, афғон халқи мустаҳкам тинчлик ҳамда ҳукумат ва толиблар ўртасида музокаралар бошланишини истайди.
Аввалроқ, «Толибон»нинг Қатардаги сиёсий офиси вакили Суҳайл Шоҳин асирликда сақланаётган афғон хавфсизлик кучлари вакилларининг барини Қурбон ҳайитининг охиригача озод қилишга ҳамда байрамдан кейин музокараларни бошлашга тайёр эканликларини айтган эди.