Ўзбекистон янгиликлари

Туркиядан Ўзбекистонга инсонпарварлик кўмаги келди. Қутилар устига Мавлоно Румийнинг байти битилган…

Чоп этилди Iyul 31, 2020 Туркиядан Ўзбекистонга инсонпарварлик кўмаги келди. Қутилар устига Мавлоно Румийнинг байти битилган…da fikr bildirishni o'chirish

Қурбон ҳайитининг биринчи куни Тошкентга Туркиядан 12,5 тонна инсонпарварлик ёрдами етиб келди. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.

Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида имзоланган соғлиқни сақлашга доир битим доирасида юборилган инсонпарварлик кўмаги COVID-19 эпидемиясига қарши курашда Ўзбекистон тиббиёт ходимлари ишлатиши кўзда тутилган тиббий ҳимоя ашёлари ҳамда дори-дармонлардан иборат. Қардош ўлкадан, жумладан, 50 минг дона N-95 ниқоб, 200 минг дона жарроҳлик ниқоби, 40 минг дона комбинезон, 5 минг дона юзни тўлиқ тўсувчи ниқоб ва COVID-19ни даволашда қўлланадиган дори воситалари жўнатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган ва миллий мудофаа вазирлиги томонидан етказиб берилган тиббий ёрдамни Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳарбий атташеси, полковник Мустафа Балўғлу ва элчихона масъуллари кутиб олди. Ўз навбатида, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари мураккаб паллада қўллагани учун қардош халқ вакилларига миннатдорлик билдирди.

Икки давлат байроқлари туширилган қутилар устида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг турк ва ўзбек тилида
«Келса маъюслик, кейин умид келур,
Кеча кечгай, ортидин хуршид келур»
байти битилгани ҳам рамзий маънога эга.

Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр Ўзбекистон билан мустаҳкам қардошлик ришталарига таянувчи стратегик шериклик муносабатларида соғлиқни сақлаш соҳаси муҳим ўрин тутиши, бу бу борадаги кўмак ўн йиллардан буён давом этаётганини қайд этди. Элчига кўра, ҳайитнинг илк тонгида Тошкентга етиб келган навбатдаги ёрдам ҳам турк халқининг ўзбек қардошлари билан ўрнатган кўнгил кўпригининг бир акси саналади. Элчи туркий халқларнинг муштарак маънавий ёдгорлиги – «Қўрқут ота китоби»дан «Яхши кунда чақирилганида, ёмон кунда эса чақирилмай туриб келган дўст – яхши дўстдир» ҳикматини ёдга олган.

Эслатиб ўтамиз, бу COVID-19 пандемияси бошлангандан бери Туркия Ўзбекистонга кўрсатган иккинчи ёрдамдир. Жорий йил май ойида қардош ўлка 50 дона сунъий нафас олдириш жиҳози юборган эди.