Мақолалар

Ошиқу орифлар. АҲМАД ИБН ҲАДРAВИЙ

Чоп этилди Avgust 1, 2020 Ошиқу орифлар. АҲМАД ИБН ҲАДРAВИЙda fikr bildirishni o'chirish

Футувват аҳлини иштиёқ ва идора этган, Хуросон қуёши Абу Ҳамид Аҳмад ибн Ҳадрaвий Балхий (р.а.) ҳолининг улуғ ва даврининг шарафи хусусиятига соҳиб эди. Замонида ўзига сўфийлар тобе бўлган зот эди. Ҳам авом, ҳам ҳавас тарафидан мақбул саналганди. Маломат йўлини тутганди ва аскарларга ўхшаб кийинарди.

Балх амирининг қизи бўлган рафиқаси Фотиманинг ҳам тасаввуф йўлидаги ҳоли ва эътибори улуғ эди. Ботинида тавба этиш орзуси уйғонганда Аҳмадга бир элчи юбориб, “Отамдан менинг қўлимни сўранг”, деди. Аммо Аҳмад унга жавоб бермади. Унга яна бир одам юбориб у орқали, “Эй Аҳмад, сизни Ҳаққа борадиган йўлни топган одам деб ўйлагандим, раҳбар бўлинг, раҳбар (ва раҳзан, яъни йўлтўсар) бўлманг! Йўл кўрсатинг, йўл тўсманг!” деган хабарни юборди. Шундан сўнг Аҳмад унга совчи юбориб отасидан унинг қўлини сўради. Отаси табаррук (ва буни ўзига шараф билиб) қизини Аҳмаб ибн Ҳадровийга берди. Фотима дунё машғулотларини тарк этди. Узлат ва инзивонинг ҳукмига риоят этиб, Аҳмад билан ҳузур-ҳаловатда яшади. Ниҳоят кунларнинг бирида Аҳмад Хожа Боязид Бистомийни зиёрат қилиш учун йўлга тушди. Фотима ҳам у билан бирга борди. Боязиднинг олдига борганда юзидаги ниқобни ва пардани ечди. Юзи очиқ ҳолда Боязид билан гаплашди. Эри Аҳмад аёлининг бу ишидан таажжубланди, кўнглини рашк қоплади ва: “Эй Фотима Боязидга бундай густоҳлик қилишингнинг сабаби нима?” деди. Аёли бундай жавоб берди: “Сиз менинг табиатимга ва танамга маҳрамсиз, у эса менинг йўлимга (ва руҳимга) маҳрамдир. Мен сиз билан ҳою ҳавасимга эришаман (сизнинг воситангиз билан жисмимдаги эҳтиёжларимни қондираман) у билан эса Раббимга етишаман. Бунинг далили шу: унинг мен билан суҳбат этишга эҳтиёжи йўқ, сиз эса менга муҳтожсиз”.

Фотима Боязиднинг қошида ҳар доим журъатли ҳаракат қиларди. Ҳатто бир сафар Боязиднинг кўзи тасодифан Фотиманинг қўлига тушди. Қўлига хино қўйилган эди. Боязид: “Эй Фотима, қўлга нега хино қўйилади?” деб сўради. Фотима унга бундай жавоб берди: “Эй Боязид, қўлимни ва қўлимдаги хинони кўргунингизга қадар сиз билан самимий ва сарбаст шаклда ҳаракат этиб тургандим. Энди кўзингиз қўлимга тушганидан сўнг сиз билан суҳбатимиз ҳаром бўлди”.

Эр-хотин Боязиднинг ҳузуридан чиқдилар ва Нишопурга бориб, ўша ерда истиқомат қилдилар. Нишопур халқнинг Аҳмад билан муносабати яхши эди.

 

Ҳужвирийнинг “Кашф ул-маҳжуб” асаридан