Мақолалар

Диний соҳа ходимлари ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш – соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаради

Чоп этилди Avgust 4, 2020 Диний соҳа ходимлари ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш – соҳадаги ишларни янги босқичга кўтарадиda fikr bildirishni o'chirish

Қурбон ҳайити байрами диний ва миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган шукуҳли байрамлардан ҳисобланади. Бу йилги ҳайит байрами республикамизда жорий этилган карантин даврига тўғри келди. Шундай бўлса-да, бу юртдошларимиз, мўмин-мусулмонларимизнинг кайфиятларига заррача таъсир этмаслиги керак. Аксинча оила даврасида, меҳру саховат байрамини нишонлашмоқда.

Тўғри, авваллари байрам  кунларида яқинларимиз, қавму қариндош ва кексалар ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табриклар эдик. Лекин бугунги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, уларни масофадан туриб табриклашимиз, алоқа воситалари орқали хол-аҳвол сўрашимиз, аслида, уларга қилган яхшилигимиз бўлади. Зеро, бугун  энг асосий вазифамиз – ўзимиз ва ўзгаларни касалликдан ҳимоя қилишдир.

Одамларимиз ушбу касаллик билан боғлиқ ҳолатдан келиб чиқиб, бироз кайфиятлари тушкун эди. Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриклари уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди, кўзларига умид учқунларини  пайдо қилди, эртанги ёруғ кунларга ишонч билан яшашга ундади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, табрикдаги “Биз орзу-ниятлари пок ва улуғ халқмиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари: “Муроди кўпнинг Ҳаққа итоати ҳам кўп бўлади”, деган сўзлари эътиборга молик. Ҳақиқатан ҳам, биз, муроди кўп халқмиз, яхши ниятни ўзи ва ўзгаларга соғинган миллатмиз. Муродимиз кўплиги баробарида, Ҳаққа итоатимиз ҳам кўп. Бундай халқни, албатта, Яратган Ўзининг марҳамати билан сийлайди, Ўзининг чексиз неъматларини инъом этади. Бу ҳақиқатни ҳаётимизда ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз.

Шунингдек, табрикда “ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари ёки маҳалладошининг оғирини енгил қилиш учун ҳадя этган” инсонларга, албатта, улкан ажру мукофотлар берилишини Юртбошимиз ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, биз битта нон топсак, ярмини қўшнисига, эҳтиёжмандга берадиган халқмиз. Буни тарихда бўлиб ўтган мураккаб, қийин даврлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Бежиз “бир майизни қирқ бўлиб еган халқ” сифатида бизга баҳо берилмайди. Аслида, саховат, мурувват қонимизда бор. Албатта, бу авлодларимизга ҳам мерос бўлиб ўтажак. Бу амалларнинг ажри, шубҳасиз, улуғдир.

Эътиборлиси, бугунги кунда ана шу қадриятимизни қўллаб-қувватлаш, кенг қулоч ёйишига туртки бўлаётган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини алоҳида қайд этиш лозим.

Давлатимиз раҳбари байрам табрикларида: “Олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда том маънода қудратли кучга айланди”, дедилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу ҳаракат олийҳиммат, саховатпеша юртдошларимизни аниқ бир мақсад йўлида бирлаштира олди. Уларни эзгу ишларни янада кўпайтириш йўлида жипслаштириб, ушбу ҳаракатнинг Республика бўйлаб қўлоч ёйишига сабаб бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг фармонларида ёши улуғ инсонларга алоҳида эътибор қаратилиб, хусусан, пенсия миқдори оширилди. Унга кўра 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 262 минг 470 сўм, энг кам ёшга доир пенсиялар ҳамда ногиронлар нафақалари ойига 513 350 сўм, болани икки ёшга тўлгунга қадар парвариши бўйича нафақа олувчи оналар сонини 330 минг дан 400 минггача ошириш белгиланди. Ўйлайманки, бу ўзгаришлар кўмакка муҳтож ҳар бир фуқаро ҳаётида – уларнинг дуолари ва шукронасида ўз аксини топади.

Имом-хатибларимиз ҳам карантин даврида эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, доимо улар билан бирга бўлишди. Бу каби эзгу ишларни бундан кейин ҳам изчил давом эттиришни мақсад қилиб олдик. Сабаби яхшилик, саховат инсоннинг ўзига завқ, руҳий енгиллик бағишлайди, кимнингдир хонадонига рўшнолик кирганини кўриш инсон кўнглини тоғдек кўтаради.

Шу нуқтаи-назардан, албатта, саховат тадбирлари саховатпеша юртдошларимиз, барча соҳа ва тармоқ вакиллари қатори имом-домлаларимизнинг ҳам ҳаёт тарзига айланиб қолди, десак тўғри бўлади.

Фурсати келганда айтиш керакки, “Вақф” хайрия жамоат фондига муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари билан диний ходимлар фаолиятини рағбатлантиришга йўналтирилган 150 млрд сўм маблағнинг ажратилиши қувончли янгилик бўлди. Бу эса, ўз навбатида, биз диний соҳа ходимлари зиммасига муайян масъулият ва мажбуриятларни юклайди.

Ана шу жиҳатдан мўмин-мусулмонларимизнинг атрофдаги эҳтиёжманд, бева-бечора, кам таъминланган оилаларга нисбатан меҳри ошди. Саховат, кўмак, инсонпарварлик каби буюк қадриятга ошно бўлишни ўзларига қайта одат қилдилар.

Албатта, биз мана шундай синовли кунларда Яратганнинг берган неъматларига шукр қилиб, халқимиз бошидан, қолаверса бутун дунёдан балоларни даф этишини сўраб дуою хайрлар қилишимиз лозим.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби