Мақолалар

Шахсий фикр ниқоби остида билдирилаётган нохолис фикрлар

Чоп этилди Avgust 8, 2020 Шахсий фикр ниқоби остида билдирилаётган нохолис фикрларda fikr bildirishni o'chirish

Имомлик вазифаси ўта нозик ва масъулиятлилиги билан ажралиб туради. Чунки, имом одил, фаҳм-фаросатли, бор вужуди билан дин хизматига, инсонларга, жамиятга манфаат етказишга чин дилдан киришган киши бўлади.
Маълумки, имомлик шарафли вазифа бўлиб, бундай улуғ ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, хулафои рошидинлар ва табаррук зотлар адо этишган. Бу вазифани чиройли амалга оширган ва бу йўлда қунт билан ҳаракат қилган кишилар катта ажрларга эга бўлади. Баъзи саҳобаи киромлар имомликдаги фазилатни билганлари учун Муҳаммад алайҳиссаломга:“Мени қавмимнинг имоми қилиб тайинланг”, деб айтганлар.
Қуръони Каримнинг оятларида имом яхшиликка чорловчи маъноларида қўлланилган. Имом ҳидоятга бошловчи ва эзгу ишларга йўллайдиган, чуқур диний илмга эга бўлган, адолатли, диёнатли, мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган, халқни фақатгина яхши нарсаларга буюрадиган шахсдир.
Аллоҳ таоло Каломи шарифида илмнинг нақадар улуғлиги ҳақида кўп оятларни нозил қилган. Жумладан: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Зумар сураси 9-оят) мазмунли ояти каримага чуқур назар ташласак, моҳиятини тафаккур қилсак, ҳозир жамият ҳаётида имом хатибларнинг ўрни, мавқеи катта ва масъулиятли эканини ҳис этамиз. Ислом дини имом хатиблар зиммасига катта масъулият юклайди. Имом хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати ила диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, ибодатларни адо этишда, маросимларни ўтказишда ва динимизнинг эзгу таълимотларини мўмин-мусулмонларга тўғри етказишда уларнинг муҳим ўрни бор.
Бугунги кунларда ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фондини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилганлиги ва ушбу маблағлар ҳисобидан юртимизда фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари, хусусан, имом хатиб, ноиби имом ҳамда мутаваллиларга нақд пул шаклидаги бир марталик ёрдам маблағларининг ажратилиши тўғрисида нохолис ва ғаразли фикрларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Наҳотки, мусулмонлик даъвосида бўлган шахслар мусулмонлар, уламолар, диний соҳа ходимлари тўғрисида бирдайин нотўғри гумонда бўлса? Нима учун бундайин шахслар ўзи гумон қилган нарсалар ҳақида айни ўша кишининг олдига бориб айтмайди, ўзи билан суҳбатлашмайди ва агар айби бўлса ўзига айтмайди? Бутун оммага чиқиб уламолар хусусида муҳокама қилишга, барчани бирдек қора дейишга Аллоҳдан қўрқмаса. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.
Бугунги пандемия шароитида юртимиздаги масжидлар ҳамон фаолиятини бошлагани йўқ. Жамоат ва жума намозлари вақтинча тўхтатилган. Мазкур даргоҳларда фаолият юритаётган имомлар ва масжид ходимлари деярли ойлик маошларисиз қолиб келмоқда. Аксар имомларнинг қўшимча даромадлари йўқ, асосан ойликка кун кўрадилар. Халқ мақолида айтилганидек, бўш қоп тик турмайди. Имомларнинг моддий таъминоти масаласига жиддий эътибор қаратиш, халқнинг “иссиқ-совуғида” камарбаста имомларимизни, масжид хизматчиларини қийин вазиятда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илм аҳлини, дин ходимларининг қийинчиликка дуч келиб турганларига моддий ёрдам кўрсатиш айни муддао бўлди.
Бугун имомларимиз диний оқимларга адашиб кириб қолган ёшлар билан учрашиб, суҳбатлар ўтказмоқда. Айни кўплаб адаштирувчи оқимлар таъсиридан ёшларимизни сақлаб турилишида ҳам диний соҳа ходимларининг хизматлари алоҳида эътирофга муносиб.
Жамиятдаги ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш масаласида ҳам диний соҳа ходимларининг ўрнини алоҳида қайд этиш зарур. Диний ташкилотлар ночор оилаларни таъминлашда неча йиллардан бери давлатга кўмаклашиб келади.
Ўтаётган пандемия даврида маҳалла фаоллари, тадбиркор ва саховатпеша инсонлар кўмагида аввало маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар, кексалар, ногирон ва бемор кишилар ҳолидан мунтазам хабар олинди. Шифохоналар, меҳрибонлик уйлари, Саховат ва Мурувват уйларига бориб, уларга зарур восита ва совғалар берилди.
Жойларда турли мавзуларда маърифий суҳбатлар уюштирилмоқда. Бугун имом-хатиблар томонидан дин равнақи, халқ фаровонлиги, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, жамиятда мавжуд бўлган турли ижтимоий иллатларга қарши курашдаги, ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажримлар, яқин қариндошлар ва маҳалладош қўни-қўшнилар ўртасидаги низоли вазиятларни ҳал этишдаги хизматларини алоҳида таъкидлаш зарур.
Имом-хатиб дин тарғиботчиси, шариат пешвоси ҳисобланади. Шу билан бирга у жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Динимиз софлигини асраш, халқимизга зиё ва маърифат тарқатиш, тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳисси билан яшашга ундаш айни диний соҳа ходимларининг хизматларидир.
Ҳозирдаги катта хатолардан бири имом-домлалардан ва аҳли илмлардан хато ахтариш, уларнинг айбини оммага ошкора қилиш, озгина янглишувини худди миллат фожиаси каби бўрттириб кўрсатиш бўлмоқда. Улуғ саҳоба Абуд-Дардо (розияллоҳу анҳу): “Инсон мунофиқлигининг илк аломати ўз имомига таъна қилишидир!”, деганлар. Уламо ва аҳли илмларнинг қилган ишлари ва айтган сўзларидан бўлар-бўлмас хато ва камчиликлар топавериш ҳамда уларни обрўсизлантириб ҳақорат қилавериш, илми ёки тақвоси кам ёки йўқ деб ҳукм чиқариш, хотини билан жанжаллашиб қолган имомга қарши жанжал кўтариш, имомнинг айтган гапига эътироз билдириб, ўзининг ҳақлигини кўрсатиб қўйиш, имомнинг айтган гапига таъна қилиб, лаънат найзасини бир санчиб ўтиш – ана шулар қиёмат аломатлари, душманнинг тегирмонига сув қуйишдир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсоннинг ёмон эканига мусулмон биродарини ҳақорат қилиши етарлидир, деганлар. Аҳли илмни ҳақорат қилишнинг гуноҳи эса икки баробар кўпдир.
Албатта, имом-домлалар ҳам оддий инсон сифатида камчиликлардан холи эмаслар. Агар уларнинг баъзиларида айрим камчиликлар бўлса ҳам, бу барчани бирдайин айблашга, ҳаммага бир хилда баҳо беришга асос бўлмайдику.
Бугун инсонларнинг шаръий аъмолини тузатган, диний ақидасини тўғрилаган, ҳаётининг издан чиққан жойини тўғри йўлга йўналтирган, ўзининг дуои хайри ила қалбига ором бағишлаган инсонга давлат томонидан берилган нарсани миннат қилиб, ғижиниб гапирганларга нима дейиш мумкин?!
Ҳар бир юртнинг ўзига хос урф-одатлари бўлади. Бизнинг юрт аҳли минг йиллардан бери ўзларининг меҳмоннавозлигини кўрсатиб, иймон эътиқоди талабини бажариб, хурсанд ва рози бўлиб аҳли илмларга иккита нон бўлса-да, қўлтиқларига қистириб юборганлар.Тиловат қилган одамга хайр-эҳсон қилиш, унга ҳар хил ҳадялар бериб кўнглини олиш минг йиллик анъана, диний қадрият, ота-боболар удуми, шариатнинг жоиз ва мустаҳаб қилган амали ҳисобланади. Аҳли илмни хурсанд қилиш, кўнглини олиш, уларга ҳадялар улашиш мусулмонларнинг вазифасидир. Нимага ўзининг вазифасини қилмасдан туриб, бошқаларни айблаётганларнинг гапларига қулоқ тутишимиз керак?!
Бугунги кундаги шахсий фикр ниқоби остида билдирилаётган нохолис фикрлар асло ҳақорат, бировни шарманда қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировга лаънат ёғдириш, тортишув ва жанжаллашувдан иборат бўлмаслиги керак. Фикрлар мутлақо илмий асосларга қурилган, эътиборли шаръий манбаларга, мантиқий фикр ва қарашларга суянилган ва асосланган бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, фикрларга фикрлар уланиб кетади, ҳақоратларга йўғрилган ёзувлар ва гапларга ҳақоратомуз ёзувлар ва гаплар жавоб бўлиб келаверади, ҳақ томонда қанчалик кўп одам турган бўлса, ноҳақ томонда ҳам шунчалик одамлар бўлаверади. Алалоқибат бу нарсалар катта фитналарга дебоча бўлиб қолади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…” (Бақара сураси 191-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида ана шундай мўмин-мусулмонларни ғийбат қилиб, уларни айбларини ахтариб, азият берадиган кимсаларга қарата шундай деганлар:“Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар,(қалби билан имон келтирмаганлар)мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло уни ўзининг айбини қидиради ва гарчи уйининг ичида(одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор қилиб) шарманда қилади”, – (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Сўзимиз якунида маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган ҳикматларини доимо ёдда сақлаш муҳимлигини эслатиб қўймоқчимиз.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари