Мақолалар

Ким билан гаплашаётганингизни билинг!

Чоп этилди Avgust 13, 2020 Ким билан гаплашаётганингизни билинг!da fikr bildirishni o'chirish

Олтмишинчи йилларда Германия қамоқхоналаридан бирида соқчилар маҳбусларга нисбатан ҳар жиҳатдан ўта бешафқат муомалада бўларди.

Шмидт исмли узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган биргина маҳбус бундан мустасно эди. Унинг ўзига хос имтиёзлари бўлиб, ҳурмат-эътибори ҳам жойида эди. Бу ҳолни кўрган маҳбуслар уни атайин ташланган сотқин-чақимчи бўлса керак, деб ўйлардилар. У эса бошқалардек оддий маҳбус эканига, хавфсизлик хизмати билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигига қасам ичарди. Бироқ ҳеч ким унга ишонмасди. Бир куни маҳбуслар:

– У ҳолда нима учун соқчилар сен билан бошқача муомалада бўладилар, – дея уни қистовга олдилар.

– Хўп яхши, сабабини айтсам айтақолай. Хўш, сизлар яқинларингизга ёзадиган ҳафталик мактубингларда нималарни ёзасизлар?

– Мана бу малъун соқчилар қўлида шафқатсиз зулму зўравонликка дучор бўлаётганимизни ёзамиз.

– Ана кўрдингларми, мен эса ҳар ҳафта аёлимга юборадиган мактубим сўнгида қамоқхонадаги шароит жуда яхшилигини, соқчиларнинг менга нисбатан муомаласи мулойим эканини ёзаман. Ҳатто айрим соқчиларнинг номларини ҳам қистириб ўтиб, уларни мақтайман.

– Бундай ёзишингнинг сен эришаётган имтиёзларга нима дахли бор?

– Чунки, эй “донолар”, биз чиқараётган ҳар бир мактуб соқчилар қўлидан ўтади. Ундаги ҳар бир сўзни синчиклаб ўрганиб, кейин юборадилар. Ишонмасанглар, хатингларни бошқача услубда ёзиб кўринглар.

Кейинги ҳафта соқчиларнинг шафқатсизлиги яна ҳам ортди. Энг қаттиқ шафқатсизлик Шмидтга нисбатан бўлди.

Бир неча кундан кейин Шмидт маҳбуслардан:

– Мактубингларда нималарни ёзган эдинглар, – деб сўради.

– Шмидт бизга анави малъун соқчиларни алдашнинг янги йўлини ўргатди, – деб ёзган эдик дейишди ҳаммаси бир овоздан.

Шмидт жинниларча ўзининг юзларига уриб, сочларини юла бошлади.

Бировларга яхшилик қилиш яхши. Аммо ким билан гаплашаётганингизни билиш янада яхши.

Ҳамма ҳам сир сақлайвермайди.

Шароитга қараб иш тутишни билмайдиганлар ҳам талайгина.

Сизга тўғри келган иш бошқаларга тўғри келмаслиги мумкин.

Ижтимоий тармоқдан