Ошиқу орифлар. ЭНГ КАТТА ФОЖЕА ЎЗИНИНГ АЙБИНИ БИЛМАСЛИКДИР
Шайх Шиблий раҳматуллоҳи алайҳнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: “Мўминларга айтинг: кўзларини сақласинлар” (Нур сураси, 30-оят) оятининг маъноси ҳақида бундай дегани нақл қилинган: “Бошдаги кўзларни номаҳрамлардан, қалбдаги кўзларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарсадан, мосуводан сақлашдир. Кўзларингни шаҳват билан боқмоқдан, кўнгилларингни (Аллоҳ таоло жамолини) томоша қилиш орзусидан бошқа ҳар қандай фикрдан муҳофаза этинглар”.
Шаҳват ва орзуларга тобе бўлмоқ ва номаҳрамларни мулоҳаза этмоқ ғафлатдандир. Ғафлат аҳли учун энг катта ва уларни энг тубанликка олиб борувчи гуноҳ ўзларининг нуқсонларини билмасликларидир. Ҳаёти дунёлик чоғида айбу нуқсонларини билмаган кимсалар уни охиратда ҳам билмайдилар, бу ерда жоҳил бўлганлар у ерда ҳам жоҳил бўлади. Зеро, Ҳаққ таоло: “Бу дунёда кўр бўлганлар охиратда ҳам кўр бўлур” (Исро сураси, 72-оят), дея хабар қилган.
Ҳужвирийнинг “Кашфул-маҳжуб”идан