Сенинг наштаринг тиғи менинг Лайлимга тегса…
Мажнун айрилиқ азобидан оғриниб, маҳзунлик оташида ёнарди. Охир-оқибат нафас ололмайдиган ҳолга келди. Мажнунни муолажа қилсин деб, табиб чақирилди. Табиб: «Қон олишдан бошқа чора йўқ», деди.
Қон олувчини топиб келишди. У Мажнуннинг томирларини чиқариш учун қўлини яхшилаб боғлади. Қон олувчининг наштарини кўрган Мажнун: «Ҳақингни олиб кетақол, менга тегма, ўлсам ҳам майли!», дея фарёд қилди.
Қон олувчи: «Кечалари арслон, бўри ва бошқа йиртқич ҳайвонлар атрофингга тўпланишганида қўрқмайсан-у, шу матоҳдан қўрқаяпсанми?», деб сўради.
Мажнун: «Мен жоним оғришидан қўрқаётганим йўқ. Сабрим тоғу тошлардан ҳам қувватли. Мен шу кунгача ҳеч нарсадан қўрққаним йўқ, зотан танам яралангандир. Мен бу яраларга ошиқман. Қалбимда Лайлонинг муҳаббати лиммо-лим, ундан бошқа нарсага жой қолган эмас. Сен наштар санчиб томиримни кесганингда, Лайлини хафа қилиб қўясан деб қўрқаман!», деди.
Аллоҳ ошиқларининг (авлиёларнинг) вужудлари ҳақиқий муҳаббат билан тўладир.
Бир куни Зулайҳодан қон олишди. Қони ерга томчилаганидаёқ «Юсуф, Юсуф» деб фарёд чекди. Мажнун ҳам, «Эй ҳижомачи! Сенинг наштаринг тиғи менинг Лайлимга тегиб, уни яралаб қўяди деб қўрқаман. Чунки иккимиз бир бўлдик, биз бир танда яшаймиз», деди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан