Ҳаммаси бошидан бошланяптими? АҚШ полицияси томонидан яна бир қора танли ўлдирилди
Куни кеча Луизиана штати полицияси қора танли эркакни қўлга олиш чоғида уни отиб ўлдирган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу ҳодисани полициянинг зўровонлигига яна бир мисол эканини таъкидлашмоқда.
Отишма штатнинг Лафайет шаҳрида юз берган ва тасодифий гувоҳлар видеосига тушиб қолган. Америка фуқаро эркинлигини ҳимоя қилиш иттифоқи ушбу ўлимга олиб келган ҳодисани «полициянинг қора танлиларга қарши зўравонлиги билан боғлиқ даҳшатли воқеа», дея баҳолади.
Штат полициясидан баёнот берилишича, жума куни кечқурун полиция ходимлари чақирув бўйича унчалик катта бўлмаган савдо дўконига етиб келган. Бу ерда бир эркак одамларга пичоқ билан ҳамла қилаётган бўлган. Ушлаш чоғида у қочишга уринган. Шундан кейин эркак бошқа дўконга киришга ҳаракат қилган, полициячи эса унга қарата ўқ узган.
Хабарда айтилишича, ҳалок бўлган шахс 31 ёшли Трейфорд Пеллерин.
Гувоҳларнинг ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган видеосида қора танли эркак дўконга киришга уринаётган чоғида уни камида олти нафар полициячи ўраб олгани ва яқин масофадан 10 марта ўқ узгани муҳрланган.
Айни пайтда штат полицияси воқеани текширишни бошлаб юборган.
Бу воқеа жавобсиз қолмаслиги аниқ эди
Яна бир қора танли фуқаронинг полициячилар томонидан ўлдирилиши оқибатида Лафайет шаҳрида тартибсизликлар бошланган, деб хабар тарқатди Associated Press агентлиги.
Шанба куни тунда ўнлаб одамлар Трэйфорд Пеллериннинг ўлимига қарши норозилик билдириб шаҳар кўчаларига чиққан.
Норозилик юришлари кундузи тинч ўтган, лекин кечга бориб у тартибсизликларга айланиб кетган. Полициячилар намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатишга ҳаракат қилди. Унга жавобан намойишчилар пиротехника воситаларини отган. Тўполонлар натижасида бир неча киши ҳибсга олинган.
Май воқеалари сабоқ чиқарилмаган
Май ойи охирида АҚШнинг йирик шаҳарларида, сўнгра қатор давлатларда полиция зўравонликларига ҳамда ирқчиликка қарши норозилик ва тартибсизликлар тўлқини авж олди. Барчаси Миннеаполисда қора танли Жорж Флойднинг полициячилар томонидан шафқатсизликларча ўлдирилишидан сўнг бошланди.
Ўшанда ҳам ижтимоий тармоқда уч полициячи Флойдни қандай қилиб ерга йиқитгани ва тиззаси билан бўйнини босиб, буғиб тургани тасвирланган видеоси тарқаб кетганди. Видеода Флойд бир неча марта нафас ололмаётгани ҳақида айтиб, кейин овози чиқмай қолгани акс этган. Кейинчалик бир полициячи қотилликда, қолган учтаси унга ёрдам берганликда айбланди.
Бу ҳали сўнггиси эмас
Мана, орадан кўп ўтмай АҚШнинг бошқа бир шаҳрида худди шундай воқеа такрорланди. Сирасини айтганда, бу воқеа май ойидаги норозиликлардан одамларнинг ҳовури босилмаганини кўрсатмоқда.
Висконсин штатидаги Кеноша шаҳрида полициячи бир афроамерикалик эркакнинг елкасига қарата ўқ узган. Оқибатда у жиддий жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган, деб хабар қилади Kenosha News газетаси.
Нашрнинг ёзишича, қора танли эркак икки жанжаллашаётган аёлни ажратиб қўймоқчи бўлган. Полициячи унга нисбатан куч ишлатган, кейин ўқ узган. Қўшниларнинг айтишича, отишма жабрланувчининг болалари кўз ўнгида содир бўлган.
Кеноши полициясининг баёнот беришича, полициячилар «маиший зўравонлик» бўйича чақирув асосида воқеа жойига етиб келган. Шунингдек, ҳодиса юз берган пайтда полициячи ўқ узгани ҳам таъкидлаган.
“Полициячилар дарҳол жабрланувчига ёрдам берган ва уни Милуоки касалхонасига етказган. У оғир аҳволда”, – дейилади баёнотда.
Висконсин губернатори Тони Эверс Twitterда «Куппа кундузи Жейкоб Блейк елкасига бир неча бор ўқ ўзилган”, деб ёзди.
Milwaukee Journal Sentinel журналининг ёзишича, отишма ҳақидаги хабар тарқалган заҳоти Кеноши кўчаларига норози одамлар чиқа бошлаган. Полиция билан тўқнашувлар юз берган, полициячилар кўздан ёш оқизувчи газларни қўллаган. Ҳукумат шаҳарда комендантлик соатини эълон қилди.
Портлендда тўполонлар давом этмоқда
Май ойида Жорж Флойд ўлдирилгандан кейин бошланган норозилик намойишлари Портлендда ҳали ҳам давом этмоқда. Куни кеча бу ерда яна норозилик чиқишлари кузатилди. Намойишчилар полициячиларга қарата тош ва шиша идишлар улоқтирган.
Маҳаллий KOIN News телеканалининг хабар беришича, шанба куни намойишчилар полиция офиси жойлашган Penumbra Kelly Building биноси қаршисида тўплана бошлаган. Якшанба куни соат тўққизда эса уларнинг сони 1200 кишидан ошган. Намойишчиларнинг бир қанчаси бино ҳудудига кириб полициячилар томон турли буюмларни улоқтира бошлаган.
ЎзА