Мақолалар

Қонун лойиҳасига таклиф: агар диний таълим бўлмаса…

Чоп этилди Avgust 27, 2020 Қонун лойиҳасига таклиф: агар диний таълим бўлмаса…da fikr bildirishni o'chirish

Эркин диний таълим олиш ҳуқуқи виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқининг  ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу масалада юртимиз тарихи, жаҳон тажрибаси, хусусан ривожланган давлатлар  қонунчилиги ва амалиётини ўрганиб чиқиб ҳар бир фуқаронинг диний эркинликлари инобатга олинган ҳолда янги қонунни қабул қилиниши мақсадга мувофиқ.

Бунда ҳар бир конфессия вакилларига ўз конфессиясини қонун билан ҳимояланган ҳолда ўрганиш имкониятини таъминлаш керак бўлади.

Жамиятда ривожланиб илдиз отаётган экстремизм балосини олдини олишда , барчага бирдек ўз конфессиясини ўргана олиш имкониятини яратиш асосий ўрин тутади. Мисол тариқасида буни Германия каби илғор давлатларда бўлгани каби ўрта мактабларда ҳар бир конфессия вакилига ўз динини ўрганиш имкониятини яратиш орқали амалга ошириш мумкин. Геманияда ҳар бир конфессия вакилига мактабларда ўз динини расман ўрганишга шароит яратилган. Статистикага кўра, 2017-2018 ўқув йилида Германия мактабларида 54000 ўқувчи ёшлар  ислом динини ўрганишган.  Қўшни Қозоғистон республикасида бўлса, ўқувчи ёшларга диний таълим ҳар бир расмий диний ташкилотда (масжид, черков, синагога..) бошланғич диний таълим олишга имкониятни яратилди.
Эркин диний таълим олиш ҳуқуқи  аслида тортишилмайдиган, асл ҳуқуқлардан бўлиб, халқаро ҳуқуқий нормалар ва қонунларда келтириб ўтилган. Бу ўринда қисқача фақат ушбу қонун лойиҳасининг ўзидан келтириб ўтаман.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги лойиҳада  қонуннинг 3- моддасида ноқонуний диний фаолиятга таърифда “хусусий диний таълим  фаолияти билан шуғулланиш “ келтириб ўтилган.  Ҳолбуки қонуннинг 4- моддасида “диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди”, деб келтирилган . 3- модда ва 4- модда ўртасидаги ушбу жумлалар ўзаро мос келмайди.  Шунингдек, қонуннинг 12- моддасидаги маълумотларга  3- моддадаги маълумотлар зид келади.  

Қонуннинг 12- моддасида “Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга” деб келтириб ўтилган. Ҳолбуки, бу ҳаётда имконсиз, чунки диний таълим муассасаларида аниқ квоталар белгилаб қўйилган. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, 2020-2021 ўқув йили учун “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртига 30 та квота ажратилган. Ушбу моддадаги ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида диний таълим олиш учун 1050 та абитуриент ҳужжат топширган. Шундан нари борса 50 таси ўқишга қабул қилинса қолган фуқаролар қандай қилиб ўз ҳуқуқидан фойдаланиб диний таълим олади? Агар бу имконият яратилмаса ушбу фуқароларни ноқонуний , экстремистик йўлларга кириб кетмаслигига ва хориждаги тероризм ўчоқлари бўлган Сурия, Афғонистон каби давларларга “ҳижрат” қилиб, бегуноҳ кимсаларнинг қонуни тўкиб, юртимиз шаънига доғ тушурмаслигига ким кафолат беради?

Ҳозирги кунда барчамизни бирдек ташвишга солиб турган муаммо бизнинг порлоқ келажагимиз бўлган ёш авлоднинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолаётганидир. Бунинг асосий сабаби ёшларимизнинг расмий, қонуний диний илм олиш имконияти тўсилганидир.  Уларнинг диний илм олишга рағбатлари кучли бўлгани ҳолда, бундай имконият етарли бўлмагани сабаб турли ноқонуний, норасмий йўлларга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда. Натижада   диний саводхонлиги паст ва жоҳил ёшлар экстремистларнинг тузоғига илинмоқда.

Агар биз ёшларимизга мактаб ёшиданоқ дунёвий илм билан уйғун тарзда диний илмни ҳам бериб борадиган бўлсак, улардаги эҳтиёжни қондирган ва ёшларимизни экстремистлар қўлига топширишдан қутқариб қолган бўламиз.  

Зеро, халқимизда “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш” деган мақол бежизга айтилмаган. Ёшларимизни болаликданоқ иймон-эътиқодли, расмий тасдиқланган илмий маълумотлар билан шакллантирмас эканмиз, уларнинг онгини турли зарарли диний оқимлар, беҳаёлик, бузуқ ақидалар эгаллаб олади.

Биз бугунги кунда улар билан фахрларланадиган аждодларимизнинг барчаси хусусан Имом ал Бухорий, Ибн Сино, Алишер Навоийлар  ёшликдан Қуръон Каримни тўлиқ ёд олиб диний илмларни ўзлаштиргач дунёвий илмларда ҳам дунёга устоз бўлишганини гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Қонун лойиҳасининг  11- моддасида “хусусий тартибда диний таълим бериш , бундан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўзларининг болаларига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ асосларини ўқитиши мустасно”  

Ушбу моддада ҳам хусусий диний таълим  таъқиқланиши назарда тутилган. Бироқ истисно тарзида фақат ота-оналар ва ўрнини босувчи шахсларга диний амалиёт ўқитишига рухсат берилмоқда.  Ушбу моддага “бундан ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахслар” жумласига “расмий диний ташкилот ходимлари” сўзларини қўшишни таклиф қиламан. Чунки,  расмий диний ташкилот ходимларидан  аниқ ишончли маълумотлар олинади ва инсонларнинг диний таълим олиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Шуҳрат Маҳмуд, мударрис.