Афғонистон ҳукумати айрим толибларни турмадан чиқара олмаяпти
Афғонистон ҳукумати “Толибон” билан келишув доирасида турмалардан қарийб 5 минг толибни озодликка чиқарди.
1 TV телеканалининг хабар беришича, бошқа давлатлар жорий этган чеклов туфайли “Толибон”нинг етти нафар аъзосини қамоқдан чиқара олмаяпти. Хусусан, Франция ва Австралия уларнинг озодликка чиқишини истамаяпти.
“Биз дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширяпмиз, тўғридан-тўғри музокаралар тезроқ бошланишини кутяпмиз”, – деди Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакили Жавид Файсал.
Аввалроқ етти нафар толибнинг ҳам турмадан чиқарилиши ва Қатарга жўнатилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, Афғонистон ҳукумати делегацияси ҳам “Толибон” билан музокара ўтказиш учун бу ҳафта Қатарга бориши айтилганди.
“Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокаралар бошланиши учун 5 минг аъзоси турмалардан чиқарилишини талаб қилган.