Дунё янгиликлари

Миллатлараро тотувлик тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омили

Чоп этилди Sentabr 8, 2020 Миллатлараро тотувлик тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омилиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Улар турли динга эътиқод қилади.

Демократиянинг муҳим тамойили жамият ва шахс эркинлигининг зарурий шарти умуминсоний қадриятларнинг олий бир кўриниши динлараро бағрикенглик (толерантлик)дир. Мазкур омил Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилганлиги ҳам давлат билан дин ўртасидаги муносабатларнинг қонуний йўлга қўйилганлигидан далолат беради.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонига биноан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши бўйича белгиланган истиқболли вазифалар, жумладан, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бaғрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, давлатимиз мустақиллиги ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни таъминлашни тақозо этади.

Давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳани ислоҳ қилиш борасида 2018 йил 16 апрель куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аждодларимиз томонидан мерос бўлиб келаётган кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси жаҳонда ва Марказий Осиёда миллатлараро муносабатларда муҳим, позитив ва масъулиятли роль ўйнаб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг 72-сессияси иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини берди.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган. Ушбу ташаббус жаҳоннинг бошқа давлатлари томонидан қўллаб-қувватланганлиги Ўзбекистоннинг диний бағрикенгликни таъминлаш борасида ташқи сиёсатдаги нуфузини яна бир карра кўтарди.

Ўзбекистон минтақанинг мураккаб даврида бошқалардан фарқли равишда тинчлик ва барқарорликни сақлашга эришди. Тор ҳудудий можароларнинг давлатлараро қарама-қаршилигига айланиб кетишига йўл қўйилмади. Бу омиллар дунёда глобал миқёсда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш орқали халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиёти, Ватанимиз обрў-эътиборини янада оширишга замин яратади.

Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистонда азалдан турли урф-одат, маданият, тил, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани маҳаллий халқнинг диний ва маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатган. Миллати ва диний қарашидан қатъи назар, инсонни ардоқлаш ва ўзгаларни қадрлаш, катталарга ҳурмат ва бошқаларни иззат қилиш каби туйғулар Ўрта Осиё халқларининг юксак сифатларидир.

Ислом таълимоти диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка чорловчи, илм ва бунёдкорликка даъват этувчи таълимот эканлигини тарғиб этиш бугунги давр учун ўта муҳим ва долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТнинг 72-сессиясида сўзлаган маърузасида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, “Жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа” сифатида қайд қилиб ўтганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Айнан шу омиллар халқимизнинг нафақат маънавий-маърифий, балки диний бағрикенглигининг маънавий асосини ташкил этади. Қадимдан диёримизда турли динлар ёнма-ён яшаб келган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир дамларида ҳам улар ўртасида диний асосда зиддиятлар бўлмаган. Бу эса юртимиз диний бағрикенглик борасида катта тажрибага эга бўлганидан далолат беради.

Ҳозирда мамлакатимизда 16 хил турли диний конфессия вакиллари эмин-эркин ўз ибодатлари, диний расм-русумларини бажариб келмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида 75 та исломий ва 11 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Яқинда Сирдарё вилояти адлия бошқармасида Сирдарё шаҳар Евангел христиан-баптистлар черкови ноисломий диний ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Диний-конфессиявий хилма-хиллик шароитида диний бағрикенглик асослари ва унинг халқимиз маънавий ҳаётидаги аҳамияти ҳамда миллатлар ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашда исломий қадриятлардан унумли фойдаланиш юқори самара беради. Конфессиялараро ҳамжиҳатлик эса юртимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Сафар ТОҒАЕВ,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси
бошлиғи ўринбосари