Саудия Арабистони осмони Исроилга очилганини Трампнинг куёви маълум қилди
Саудия Арабистони ўз ҳаво кенгликларини Исроилдан Шарққа ва қайта йўналишда бўладиган барча рейслар учун очишга розилик билдирган. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер маълум қилди, дея хабар бермоқда “Анадолу” агентлиги.
Аввалроқ Саудия Арабистони ҳукумати Тель-Авив – Абу-Даби йўналишидаги самолётларнинг ўз осмонидан учиб ўтишига розилик билдирган эди. Жаред Кушнер Исроил самолётларининг ўтишига рухсат бергани учун Саудия Арабистони раҳбариятига миннатордчилик билдирди.
“Эндиликда ҳар қайси Осиё мамлакати Исроилга бориш учун Саудия Арабистони ҳаво кенгликларидан фойдаланиши мумкин. Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз ҳам, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ҳам фаластинликлар ҳалол келишув устида ишлашини ва яшаш шароитларини яхшилашларини исташади, – деди Кушнер. – Кўпчиликнинг Фаластин раҳбариятига нисбатан сабри тугаб бормоқда. Умид қиламанки, Фаластин халқи музокаралар столига ўтириш учун ўзида журъат ва куч топа олади”.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп эълон қилган ҳамда Фаластиннинг манфаатлари камситилиб, Исроилга устунлик берилган Яқин Шарқ тинчлик режаси айнан Жаред Кушнер бошчилигида тузилган эди.