Самарқанддан Петербургга юборилган олтин тангалар: хазинани топганга қанча пул тўланган?
Ўзгалар қўлига ўтган ноёб хазина, тарқатиб юборилган “Ёш бухороликлар”, ўз ҳисобидан мактаб қурган ўқитувчи ва 11 сентябрь санаси билан боғлиқ бошқа қизиқарли маълумотлар.
1413 йил (бундан 607 йил олдин) – Амир Темурнинг эвараси Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо Соҳибқироннинг ўғли Шоҳрух Мирзонинг қизи Марям Султонбегимга уйланди. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий мазкур никоҳ маросимини қуйидагича тасвирлайди: “…Моҳир мунажжимлар вақт толеини танладилар ва саййидлар, қозилар, акобирлар ҳам ашрафлар Боғи Зоғонга келтирилиб, ўн тўртинчи жумод ал-охирда салтанат садафида парвариш топган бир дурни давлат буржининг дурри бўлмиш мирзо Муҳаммад Жаҳонгир никоҳига киритилди…”
1469 йил (бундан 551 йил олдин) – Султон Ҳусайн Бойқаро ўз аскарлари билан темурийлар салтанатининг иккинчи пойтахти Ҳиротдан чиқиб, Машҳад орқали Астрободга юрди. Кейинроқ Чинорон мавзеида темурий шаҳзода, Бобурнинг қариндоши Ёдгор Муҳаммад Мирзо қўшини билан тўқнашиб, жанг бошланди. Жанг асносида ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар берилиб, жанг Султон Ҳусайн Бойқаро ғалабаси билан интиҳосига етди.
1873 йил (бундан 147 йил олдин) – тошкентлик этнограф, тилшунос, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Михаил Андреев таваллуд топди (вафоти 1948 йил). У Тошкентдаги Эшонқули додҳо мадрасасида ўқиган. 1897 йилда Мўғулистон ва Шарқий Туркистон экспедицияларида иштирок этган.
1891 йил (бундан 129 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори идораси Археология ҳайъатига Самарқанд уезди Ишим-Оқсой волости Тутин қишлоғида Холмирза Муҳаммад Солихов топган қирқ етти дона олтин тангани етказиб берди. Бу тангалар Бухоро тангалари бўлиб, 1745–1780 йилларга оид бўлган. Ҳайъат уларни текшириб 4 дона ноёб олтин тангаларни танлаб олди ва Петербургдаги Эрмитаж музейига топширди. Археология ҳайъати олиб қолинган тангалар учун уни топган одамга 31 сўм 44 тийин юборди.
1920 йил (бундан 100 йил олдин) – Бухоро амирлигидаги жадидлар партияси (фирқаси) – “Ёш бухороликлар” тарқатиб юборилди, унинг кўпчилик аъзолари (14 мингдан 9 минги) Файзулла Хўжаев бошчилигида Бухоро компартияси таркибига кирди. Кейинчалик собиқ “Ёш бухороликлар” сафидаги жадидларнинг деярли ҳаммаси 30-йилларнинг ўрталарида қатағон қилинган.
1943 йил (бундан 77 йил олдин) – наманганлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдусаттор Раҳимов (1920–1992) 11 сентябрга ўтар кечаси душманнинг кучли ўқ ёмғири остида Киев вилоятининг Вишгород раёнидаги Борки қишлоғи яқинида Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб кечиб ўтди. Унга ушбу жасорати учун 1944 йил 10 январда Қаҳрамон унвони берилди.
1943 йил (бундан 77 йил олдин) – Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Кавардон қишлоғидан бўлган Саидусмон Қосимхўжаев (1915–1994) Чернигов вилоятининг Короп туманидаги Оболонье қишлоғи учун бўлган жангда кўрсатган жасорати учун Қаҳрамон унвони билан тақдирланди.
1945 йил (бундан 75 йил олдин) – бойсунлик Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Рамазон Абдуллаев таваллуд топди. У 1967 йилдан Бойсун туманидаги мактабларда бошланғич синф ўқитувчиси, мактаб директори вазифаларида ишлади. Фаолияти давомида ўз шахсий жамғармаси ҳисобидан 180 ўринли мактаб биносини қуриб фойдаланишга топширди.
2003 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси ва шаҳарнинг 70 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
2012 йил (бундан 8 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг “Мардлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2014 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади