Саломатлик

Занжабилни рационга киритиш учун 9 сабаб

Чоп этилди Sentabr 15, 2020 Занжабилни рационга киритиш учун 9 сабабda fikr bildirishni o'chirish

Занжабил (имбир)нинг саломатлик ва ташқи кўринишга таъсири беқиёс. Бир қанча касалликларнинг олдини олиш, ёш ва соғлом кўринишга сабаб бўладиган маҳсулотни истеъмол қилиш кераклигининг асосий сабабларига тўхталиб ўтамиз.

Яллиғланишнинг олдини олади

Занжабил яллиғланиш, вирус ва бактерияларга қарши таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Ундан тайёрланган қайнатма ангинага, «компресс» юздаги яллиғланишга, занжабилли чой грипп ва шамоллашга қарши самарали ҳисобланади.

Ёғларни эритади

Моддалар алмашинуви учун фойдали ҳисобланган ушбу маҳсулотдан тайёрланган бир стакан қайнатма кун бўйи тўқ тутади. Унинг истеъмолидан кейин организмдаги калория эриб, метаболизм яхшиланади.

Сочлар узунлашади

Кокос ва ёғи ва занжабил шарбати аралашмаси соч тўкилишининг олдини олади ва янги соч толалари ўсишига сабабчи бўлади. Бундай ниқобни ҳафтасига икки марта соч илдизларига суртилса, жуда тез орада сезиларли натижа сезилади.

Тери эрта қаришининг олдини олади

Мазкур маҳсулот таркибидаги антиоксидантлар нафақат тери ҳужайраларининг яллиғланиш жараёнига қарши таъсир кўрсатади, балки терининг тиниқ ва таранглигини таъминловчи коллогеннинг фаоллашишига сабабчи бўлади. Занжабилни юз ёки терининг бошқа қисмидаги доғларга кунига икки ёки уч марта суртилса, ярим ойда ижобий натижа бериши мумкин.

Ҳуснбузарлардан қутулишга ёрдам беради

Антисептик ва антиоксидантлик хусусиятига эга бўлган занжабил ҳуснбузар келтириб чиқарадиган бактерияларга қарши таъсир қилади. Бундан ташқари тери янгиланиши ва қон айланиши яхшиланишига сабабчи бўлади. Бунинг учун юз ниқобига бир-икки томчи занжабил шарбатини қўшиш кифоя.

Қазғоққа қарши яхши самара беради

Унинг таркибига кирувчи антисептик ва антиоксидантлик хусусиятига эга моддалар қазғоқ, қичима ва тери қуришига ҳам қарши самарали ҳисобланади. Бунинг учун қирғичдан чиқарилган занжабилни жожоба ёғи билан аралаштириб бош терисига суртиш керак.

Целюллитни камайтиради

Занжабил қондаги циркулятия, қон айланиши ва регенирациясини яхшилайди ва целюллитни камайишига сабаб бўлади. Бунинг учун бир стакан шакар, ярим стакан лимон шарбати ва қирғичдан чиқарилган занжабил ҳамда зайтун ёки ўсимлик ёғи аралашмасини ҳар гал душ қабул қилганда қўллаш тавсия қилинади.

Яра ва шилинишларнинг битишига сабаб бўлади

Таркибидаги яллиғланишга қарши моддалар туфайли ҳам занжабил яра ва шилинишларнинг битишига сабаб бўлади, ҳужайралар регенирациясини яхшилайди. Бунинг учун яра бўлган тери қисмига занжабил суртиш керак холос.

Деменциянинг олдини олади

Деменция деб бош миянинг зарарланиши оқибатида юзага келадиган ва ақлий қобилиятнинг сезиларли даражада пасайиши билан намоён бўладиган асаб тизими касаллигига айтилади. Занжабил эса бошқа тана аъзолари сингари мияда ҳам яллиғланиш жараёнини камайтиради ва хотира заифлашишининг олдини олади.