Мақолалар

Масжид ошиқлари

Чоп этилди Sentabr 17, 2020 Масжид ошиқлариda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар,

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

 

Умар розияллоҳу анҳу

Кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу хурмозорга чиқди. Қайтиб келганида одамлар аср намозини ўқиб бўлишганини кўрди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз). Гувоҳ бўлинглар, хурмозорим мискинларга садақа”, дедилар.

 

Убайдуллоҳ ибн Умар раҳимаҳуллоҳ

Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Хуфтон намозини доимо жамоат билан бирга ўқир эдим. Бир куни уйимга меҳмон келди. Меҳмон билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда шаҳардаги барча масжидларни айланиб чиқдим. Афсуски, масжидларда намоз ўқиб бўлинган эди. Уйга қайтиб, хуфтон намозини йигирма етти марта ўқидим.

Ўша куни туш кўрдим. Отлиқлар билан бирга эканман. Бироқ отим дўстларимнинг отига ҳеч ета олмас эди. Шунда улардан бири менга қараб: “Отингни қийнама, ҳаргиз бизга ета олмайсан”, деди. “Нима учун?” деб сўрадим. “Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг”, деб жавоб берди”.

  

Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ

Тобеинларниг саййиди Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ: “Эллик йил давомида бирор марта жамоат намозини тарк этмадим”, деган.

Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ

Ҳотами Асом айтади: “Бир марта жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда Абу Исҳоқдан бошқа ҳеч ким менга таъзия билдирмади. Агар фарзандим вафот этганида ўн мингдан ортиқ инсон таъзия изҳор қилган бўларди. Наҳотки, дунё мусибати дин мусибатидан оғирроқ бўлса” (Мукошафатул Қулуб).

 

Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ

Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ деди: “Умрим бўйи икки маротаба жамоат намозига улгурмадим. Шунда ўзим ёлғиз ўқидим. Аммо шу икки марта ўқиган намозимни гўё ўқимагандек бўлдим” (Зайл табақот ал-Ҳанбалия).

 

Саид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ

Муҳаммад ибн Муборак Сурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саид ибн Абдулазиз бир куни жамоат намозини ўтказиб юборди. Шунда узоқ вақт ҳўнграб йиғлади” (Тазкиратул Ҳуффоз).

 

Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ

Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Қирқ йил бирор марта ҳам жамоат намозини тарк этмадим. Фақат онам вафот этган куни жамоатга бироз кеч қолдим” (Сияр аълам ан-нубало).

 

 Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Иқомат айтилмасидан олдин жамоатга келиш намозга бўлган ҳурмат белгисидир”, деди.

 

Солиҳ инсон

Бир солиҳ кишидан: “Нега ҳамиша азон айтилмасдан масжидга келасиз?” деб сўрашди.

Солиҳ инсон: “Азон ғофилларни уйғотиш учундир. Мен ғофиллардан бўлмасликка ҳаракат қиламан”, деб жавоб берди.

Даврон НУРМУҲАММАД