Мақолалар

Хуросондан Ҳиндистонга умрбод кетган тарихчи

Чоп этилди Sentabr 18, 2020 Хуросондан Ҳиндистонга умрбод кетган тарихчиda fikr bildirishni o'chirish

Жосуслик мақсадида юборилган Игнатьев, бир аср аввалги мажбурий меҳнат, “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонун ва тарихимиздаги 18 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1528 йил (бундан 492 йил олдин) – ҳиротлик тарихчи Ғиёсиддин Хондамир Ҳиндистонга, Бобур мирзо ҳузурига етиб келди. Бу вақтда Бобур Ауд шаҳрида турар эди. “Бобурнома”да ёзилишича, Ҳиротлик машҳур шоир Шаҳоб Муаммоий ва Ҳиротдаги “Султония” мадрасасининг мударриси амир Иброҳим Машҳадий ҳам Хондамир билан бирга бу ерга келган эдилар. Бобур уларни зўр ҳурмат ва эҳтиром билан қарши олди ва уларга сарой хизматчилари қаторидан жой тайин қилди. 
1858 йил (бундан 162 йил олдин) – Россия империяси томонидан Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги билан сиёсий ҳамда савдо муносабатлари ўрнатиш баҳонасида, аслида жосуслик мақсадида полковник Николай Игнатьев (1832–1908) бошчилигида юборилган элчилар миссияси Бухоро амирлиги ҳукмрон доиралари томонидан жуда илтифот билан қарши олинди.
Бу ҳақда Николай Игнатьев шундай ёзган эди: “18 сентябрь куни Қоракўлдан ўтишда элчиликни фахрий равишда кузатиб бориш учун Абдулазиз томонидан юборилган амалдорлар бизни қарши олдилар… Улар бизни то Бухорогача кузатиб келдилар”. Игнатьев миссиянинг Бухорога етиб боришини жуда муфассал равишда баён қилиб, амир Насрулло Қўқон хонлигига қарши юришда бўлганлиги учун, унинг вазири Абдулазиз билан олиб борилган биринчи музокаралар ҳақида ҳам ёзиб қолдирган.
У Бухорода имтиёзли савдо шартномаси тузишга, зиндонда ётган рус фуқаро ва асирларни озод этишга эришади. Игнатьев миссияси тўплаган маълумотлар Туркистоннинг Россия томонидан истило этилишида муҳим роль ўйнаган.
1916 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистондаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган маҳаллий аҳолини Биринчи жаҳон уруши кетаётган жойлардаги ишлар учун мардикорликка олиш бошланди. У 1917 йилдаги Февраль инқилобигача давом этди. Жўнатилиши керак бўлган 200 минг 470 киши ўрнига амалда 123 минг мардикор сафарбар қилинди. Туркистонлик мардикорлар ҳарбий ва саноат корхоналарида, конларда, темир йўл қурилишида, ўрмон ва айрим хўжаликларда қаттиқ назорат остида ишлатилди. Улар очликдан, хўрликдан, машаққатли меҳнатдан мислсиз азият чекдилар.
1932 йил (бундан 88 йил олдин) – андижонлик шоир ва ёзувчи, драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Олимжон Холдоров таваллуд топди. Унинг 100 дан ортиқ ғазалларига куйлар басталанган.
1943 йил (бундан 77 йил олдин) – ғиждувонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Вали Набиев (1916–1999) Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб кечиб ўтди. Унга ушбу жасорати учун 1944 йил 15 январда Қаҳрамон унвони берилди.
1995 йил (бундан 25 йил олдин) – Нукусда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Орол денгизи ҳавзасидаги давлатларнинг барқарор ривожланиши масалаларига бағишланган халқаро конференция иш бошлади.
2006 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унда қайд этилишича, ушбу қонуннинг мақсади фирма номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2018 йил (бундан 2 йил олдин)  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Термиз” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

ЎзА