Ҳазрати Усмон Мусҳафи
“Ҳазрати Имом” мажмуасига зиёратга келган ёшу қари Қуръони каримнинг “Мўйи Муборак” мадрасасида сақланаётган энг қадимий нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафини кўриш ниятида бўлади. Зиёрат қилгач эса, унинг тарихига қизиқади. Бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруқларига асосан VII асрда (мил. 644–648 йй.) кийик терисига кўчиртирилган.
Ўша даврда жами олти нусха Мусҳаф кўчиртирилган эди. Шулардан ер юзида китоб шаклида сақланган ягона нусха кутубхонамиз музейидаги Мусҳафдир. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йилнинг 28 августида ушбу Мусҳафнинг асл нусха эканини тасдиқловчи ҳужжат – сертификат берди.
Ҳазрати Усмон Мусҳафи Ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) тўплаган Қуръони карим саҳифалари асосида Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн ал-Ос ва Абдураҳмон ибн ал-Ҳорис (розияллоҳу анҳум) томонидан кўчирилган. Ушбу Мусҳафнинг Ўрта Осиё заминига келтирилиши тарихи ҳақида турли ривоятлар, қарашлар мавжуд. Ҳазрати Усмон Мусҳафининг қимматбаҳолигини, нодирлигини ҳамда унга эга бўлиш учун катта салоҳият талаб қилинишини эътиборга олсак, Мовароуннаҳрга Соҳибқирон Амир Темур юришлари даврида – 1375 йили Ироқдан олиб келингани тўғрисидаги тахмин ҳақиқатга яқин туюлади. Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасида сақланади. Ўрта
Осиёни Русия босиб олганидан сўнг, 1869 йили Зарафшон генерал-губернатори Абрамов ушбу Мусҳафни Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманга, у эса, ўз навбатида, Санкт-Петербургга Император кутубхонасига бериб юборади.
1905 йилда Санкт-Петербургда ушбу Мусҳафдан 50 дона нусха олинади. 1917 йил Октябр инқилобидан сўнг мусҳаф Русия мусулмонлари идорасига берилган. Ўшанда Русия мусулмонлари идораси Уфа шаҳрида жойлашган эди. Шундан сўнг Тошкент, Сирдарё уламолари талабига мувофиқ, “Мусҳафи Усмонни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисида”ги Декретга асосан 1924 йили махсус поезд билан Тошкентга юборилган. Мусҳаф бир оз муддат Тошкент шаҳридаги “Хожа Аҳрор
Валий” масжидида, кейинчалик Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланди. 1989 йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан Мусҳафи Шариф мусулмонлар идорасига тақдим қилинди. Халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) ушбу Мусҳафни ўқиб ўтирган пайтларида шаҳид этилганлар. У кишининг муборак қон доғлари Китоб саҳифаларида сақланиб қолган. Ҳазрати Усмон Мусҳафи кўфий, анборий-химярий хат турида кўчирилган. Бу хат Ҳижозда тарқалгани учун “ҳижозий хат” ҳам деб аталади. Варақлар ўлчами 53×68 см; варақлар сони 338та. Асл кийик терисига кўчирилган, шундан 69 та варағи шарқ қоғози билан таъмирланган.
Усмонхон АЛИМОВнинг “Ҳазрати Имом мажмуаси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 4600 сўм
