Шавкат Мирзиёев БМТда ўзбек тилида нутқ сўзлайди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этади.
Kun.uz нинг хабар беришича, давлат раҳбари БМТда олий минбаридаги бу галги чиқишида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев илк марта Бош Ассамблеяда 2017 йил 12 сентябрда, БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида чиқиш қилган эди. Президент нутқи ташкилотнинг 6 та ишчи тилидан бири – рус тилида бўлган ва халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинганди.
Бу ҳаракат давлат тилининг ўзбек тили эканлигини халқаро ҳамжамиятга кўрсатишнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Бу халқаро анжуманларда Ўзбекистон номидан ёки Ўзбекистонда ташкил этиладиган шундай тадбирларда рус тилида маъруза ва чиқиш қилишни одат қилиб олганларга ижобий маънода таъсир кўрсатади, деган умиддамиз.