Дунё янгиликлари

АҚШ Эронга нисбатан янги санкцияларни жорий қилди

Чоп этилди Sentabr 23, 2020 АҚШ Эронга нисбатан янги санкцияларни жорий қилдиda fikr bildirishni o'chirish

21 сентябрь душанба куни Қўшма Штатлар Эроннинг Мудофаа вазирлигига ва ядро, қуроллар бўйича дастурда қатнашаётган бошқа шахсларга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Бундан аввал АҚШ БМТдан Эронга нисбатан жорий қилинган барча санкциялар тикланишини сўраган, лекин бунга кўплаб мамлакатлар, хусусан, Хитой ва Россия розилик беришмаганди.

АҚШнинг янги санкцияларига кўра, Эрондаги ядро, ракета ва ҳарбий соҳада фаолият олиб борадиган 27 та ташкилот ва шахслар иқтисодий сиқувга олинади. Аммо Эрон ҳукумати ушбу санкциялар уларга ҳеч қандай таъсир ўтказолмаслигини айтиб, АҚШ бу ҳаракати билан барчанинг эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлаётганликда айблаган.

“АҚШ Эронга нисбатан ўзининг қўлидан келган барча босимини қилди. Қўшма Штатлар бу санкциялари билан бизнинг халқимизни тиз чўктирмоқчи бўлди. Лекин у бундай қилолмади”, дейди Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф.

Шунингдек, Дональд Трамп Эронга мазкур санкцияларни жорий қилиш билан бирга Эронн нефтини сотиб олиш ёки унга нефт сотиш билан шуғулланадиганларга ҳам иқтисодий чекловлар жорий қилиш бўйича буйруқ берган. АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг маълум қилишича, ушбу буйруққа асосан Венесуэла президенти Николас Мадурога ҳам санкциялар жорий қилинган. Помпео Венесуэла ва Эронни “БМТнинг қуроллар бўйича тақиқини менсимасдан биргаликда иш олиб борганликда” айблаган.

АҚШнинг бу ҳаракатларига сабаб шуки, 18 октябрда БМТнинг қуроллар бўйича Эронга қўйган тақиқлари тугайди. Шунингдек, Қўшма Штатлар янги санкциялари билан келажакда Эрон билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилмоқчи бўлган мамлакатлар ва компанияларни қўрқитиб қўймочи ҳам бўлмоқда. АҚШдаги компанияларнинг Эрон билан қурол олди-сотди қилиши аллақачон тақиқланган.

“Ким бўлишингиздан қатъий назар агар сиз БМТнинг Эрон бўйича тақиқини бузсангиз, санкцияларга дучор бўласиз”, дейди Помпео.