Мақолалар

Амир Темур Жалолиддин Мангубердининг жасорати ҳақида билганми?

Чоп этилди Sentabr 24, 2020 Амир Темур Жалолиддин Мангубердининг жасорати ҳақида билганми?da fikr bildirishni o'chirish

Ватанимиз тарихидаги 24 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1398 йил (бундан 622 йил олдин) – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темур 24 сентябрь куни Синд дарёсидан ўтади. (Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Чингизхон билан жанг қилгандан сўнг 1221 йил 21 ноябрь куни Синд дарёсини кечиб ўтган). У пайт дарёнинг чап соҳилидаги чўллар Жалолий чўли деб аталарди. Бу эса Амир Темурнинг ўзи Жалолиддин Хоразмшоҳнинг тарихи ва воқеаларидан хабардор эканлигидан, унинг даврида бу ерларда буюк Хоразмшоҳ ҳақида хотиралар тирик эканлигидан далолат беради.
1556 йил (бундан 464 йил олдин) – шайбонийлар сулоласидан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори Бароқхон (асл исми Наврўз Аҳмад) Самарқанддан чиқиб, Дарғом канали юқорисида жойлашган Работи Хожа мавзеига келади ва бу ерда катта базму жамшид уюштиради. Базмда меъёридан ортиқ шароб ичиш оқибатида оламдан кўз юмади.
Самарқанд фузалолари унинг вафоти санасини “Ҳол мурда дар масти” сўзларидаги ҳарфлар билан белгилашган бўлса, Бухоро фозиллари “Хирмонсўз” сўзи ҳарфлари йиғиндисида вафоти санаси яширинганлигини қайд этишган. Чунки вафотидан бир йил олдин Наврўз Аҳмадхон Бухорога юриш қилиб, дон хирмонларига ўт қўйган эди. Ҳар иккала сўзлардаги ҳарфлар йиғиндиси абжад ҳисобида 963 (1556) санасини беради.
1910 йил (бундан 110 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаев дунёга келди (вафоти 1977 йил). У ижоди давомида юздан ортиқ образлар яратди. 2002 йилда (вафотидан сўнг) “Буюк хизматлари учун ордени” билан мукофотланди.
1917 йил (бундан 103 йил олдин) – Мунаввар қори Абдурашидхонов ўзи Тошкентда ташкил этган саккиз ойлик муаллимлар курси иқтисодий муаммоларга дуч келгач мажлис чақириб, унга Тошкентнинг йирик бойлари ва таъсири кучли инсонларини таклиф этди. Шу кунинг ўзида 45 кишидан катгагина пул тўпланди ва мажлис якунида янги бир жамоат ташкилоти “Муаллимлар жамияти” тузилганлиги эълон қилинди. Мазкур жамиятга биринчилардан бўлиб Муродхўжа Солиххўжаев, Рустамбек Юсуфбек ҳожи ўғли, Абдусомеъ Зиёбоев, Шокиржон Раҳимий, Абдулла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхоновлар кирган эдилар.
1994 йил (бундан 26 йил олдин) – Қорақалпоғистон Республикаси Олий давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи органи фаолиятининг ҳуқуқий асоси бўлган “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциявий қарори қабул қилинди ва кучга киритилди. Шу кундан эътиборан Жўқорғи Совет – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси деб юритила бошлади.
1998 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Жалолиддин Мангуберди хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни қарор топтириш мақсадида қабул қилинган ушбу қарорга мувофиқ буюк саркарданинг таваллуд тўйи 1999 йилда кенг миқёсда нишонланиши қайд этилди.
1999 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда бокс бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш тўғрисида”ги Қарори имзоланди.
2012 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғирисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 4 боб, 29 моддадан иборат.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

ЎзА