Камбағалликни қисқартириш – дунё ҳамжамияти муҳокамасида
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимизнинг соф она тилимизда янграган нутқи айни пайтдаги дунё воқийлигини реал акс эттиргани, келтирилган таҳлил ва таклифлар ўз асосига эга эканлиги билан жозибадордир.
Зотан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур” деб таъкидлади. Бу бежиз эмас, албатта. Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш масаласи глобал миқёсда олиб чиқилиши қуйидаги сабаблар билан изоҳланади:
Биринчидан, БМТ, Жаҳон банки каби қатор халқаро ташкилотлар сўнгги 30 йил мобайнида глобал миқиёсида камбағалликни қисқартириш борасида ижобий натижа эга бўлиб, уларда етарли тажриба ва йўналишлар базаси шаклланди.
Камбағалликни қисқартириш муаммоси айнан иқтисодий-молиявий имкониятлари нисбатан чекланган ҳамда институционал базанинг етарли даражада ривожланмаган мамлакатларда кузатилади. Шу сабабли, мазкур халқаро ташкилотлар томонидан ривожланаётган мамлакатларга кўрсатилаётган молиявий ва амалий кўмак камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчидан, глобал тус олган коронавирус пандемияси бутун дунёда нафақат камбағаллик, балки қашшоқлик даражасининг ошиб кетиши хавфларини кучайтирмоқда.
Умуман олганда, дунёда камбағаллик даражасининг ошиб кетиши: (а) янги турдаги (ёки бошқа) юқумли касалликларнинг авж олиши ва кенг тарқалишига ҳамда (б) одамларнинг моддий аҳволи ёки инсон капиталининг ёмонлашуви оқибатида қатор мамлакатларда ривожланиш истиқболларининг салбий томонга ўзгариши, уларда нобарқарорлик хатарларининг кучайиши ва ушбу муаммоларнинг глобал тус олишига олиб келиши мумкин.
Маълумки, давр талабларидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси ўлароқ, мамлакатда камбағалликни қисқартириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Республикамизда кўп йиллардан бери кўтарилмаган мазкур оғриқли масала биринчи маротаба Президентимизнинг сиёсий жасоратлари туфайли жорий йилнинг 24 январидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистонда камбағал аҳоли қатлами мавжудлиги ва у 12-15 фоиз атрофида эканлиги таъкидланди.
Шу ўринда, мазкур Мурожаатномадан иқтибос: “Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида мақбул давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди ва ушбу йўналишда унинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
Ҳозирда мазкур йўналишда тизимли, яъни, аҳоли камбағал қатламининг доимий даромад манбаини яратиш, давр талабидан келиб чиқиб инсон капиталини ривожлантириш, тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш каби таъсирчан механизмлар орқали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо мазкур муаммо бугунги пандемия шароитида кескин тус олиб, глобал миқёсда ечимини талаб қиладиган масалалар сирасига айланди.
Шу маънода, Президентимизнинг қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифи жудаям ўринли ва долзарб. Бунда назаримизда, энг нозик нуқталардан бири, бу – дунёнинг кўпгина нуқталарида нотинчлик ва жиддиятлар, экологик хатарларнинг кўпайиши оқибатида дунё мамлакатлари, халқлари тақдирининг тобора бир-бирига боғланиб бораётганлигига алоҳида урғу берилган.
Ахир, чиндан ҳам тириклик қонунияти шундай: инсоният яшаши, меҳнат қилиши мумкин бўлган ягона макон, бу – Ер шари, ундаги кишилик жамиятининг асосий мақсади эса – тинч, хотиржам ва фаровонликда умргузаронлик қилишдир.