Тошкентдаги музейда сақланган олтин ва кумуш буюмлар ҳозир қаерда?
Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 2 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1941 йил (бундан 79 йил олдин) – Тошкентдаги Ўрта Осиё Бош музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи Давлат музейи) фондидан Ўрта Осиё хонликлари сулолаларига оид 100 га яқин олтин, кумуш тангалар, тилладан ясалган заргарлик буюмлари, кумушдан ясалган 40 га яқин ноёб ёдгорликлар – ҳаммаси бўлиб 5–6 килограмм тилла ва кумуш буюмлар ҳозирги Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейи ходимининг иштирокида Тошкентдан Россияга олиб кетилди.
1959 йил (бундан 61 йил олдин) – “Халқ душмани” деб қораланган машҳур шоир, адиб, маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат (1862–1937) оқланди. Унинг кўплаб қўлёзмалари, ҳали тамомлаб улгурмаган асарлари, тўплаган нодир қўлёзма ва босма китобларининг барчаси 1937 йил 7 январь куни НКВД ходимлари томонидан тўртта қанор қопга жойланиб ташиб кетилган, ўзи эса халқ душмани тамғаси остида Андижон қамоқхонасига олиб кетилиб, орадан кўп ўтмай 75 ёшида вафот этади.
1995 йил (бундан 25 йил олдин) – Москвада Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Протокол имзоланди.
1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Ислом конференцияси ташкилотига аъзо бўлди. Ислом конференцияси ташкилоти 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтган ислом давлатлари саммитида ташкил этилган. 2011 йил 28 июнда тузилма номи Ислом ҳамкорлик ташкилоти деб ўзгартирилган.
1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Андижонда оташнафас шоир, истиқлол куйчиси Абдулҳамид Чўлпон таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан шаҳарнинг Сой мавзесида Чўлпон боғи ташкил этилди. Боғнинг марказига унинг ҳайкали ўрнатилди, рамзий қабри барпо этилди. Айни пайтда шоир музейи, маънавият маркази ҳам фаолият кўрсата бошлади.
2007 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 6 боб, 30 моддадан иборат.
2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унга асосан 5 апрель Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати куни этиб белгиланди.
2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА