ТАВБА
“Биродарлар, тафаккур қилинг, қайғуринг! Гуноҳимиз шунчалар зиёда бўлибдимики, бугун Каъбатуллоҳ бўш…”
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг маърузаларидан
Ё, Раб! Дил увишди бир мудҳиш оҳдан,
Раҳмат озайдими бизга даргоҳдан?!
Бало фалакданми, ичдаги жоҳдан
– Чиқолмай ўзимиз қазиган чоҳдан,
Гадодан ўтдими, ўтдими шоҳдан,
Тафаккур айласам, бошдан учар ҳуш:
Каъбатуллоҳ бўш…
Кетгали келгандир одамнинг насли,
Хароб бўлмоқ учун қургайлар асли,
Тил бошқа, дил бўлак – эсламай Дўстни,
Фалакка ўрлаган ноласи ростми?
Бул рутбаси баланд, қилмиши пастнинг
Аҳволига боқсам, аҳволим нохуш:
Каъбатуллоҳ бўш…
Қўл ишда, дил Ёрда, деганди пирлар,
Сабоқни унутиб, беғам юрурлар.
Қаҳқаҳа урурлар, кулиб турурлар,
Тавба эшигини ёпмиш ғурурлар,
Бало келиб бўлди, кибр қилурлар,
Ё, Раҳим! Раҳм этгил, ожизинг сархуш,
Каъбатуллоҳ бўш…
Қисмат қарзин сўрса, оғирдир ҳоли,
Кераксиз юк бўлгай жамғарган моли,
Бу йўлда ёлғизнинг бенаф саволи,
Йиғларлар, юпанчга келмас мажоли,
Ҳатто чумолидан орқада қолиб,
Изиллаб кетарлар, мушкулдир – юмуш,
Каъбатуллоҳ бўш…
Исрофил чалганда азим созини,
Гуноҳлар босганда ул тарозини,
Ўйларлар отаю она розими,
Надомат-ла ерга уриб юзини,
Қудратин кеч англаб улуғ Қозининг,
Қуруқ қўл турурлар, ўзлари беҳуш:
Каъбатуллоҳ бўш…
Эй, Раҳмон, эй, Холиқ, эй, Басир, Қодир,
Эй, Малик, эй, Жаббор, эй, Сомеъ, Собир,
Бандангнинг ҳолига ўзинг қил тадбир,
Чексиз даргоҳингдан нур бергил, Кабийр,
Ё, Ғаффор, ё, Қаҳҳор, аё Муқтадир,
Ислоҳ айламасанг, ҳолимиз нохуш:
Каъбатуллоҳ бўш…
Шодмонқул САЛОМ