Оила

Солиҳа хотин бундай бўлади…

Чоп этилди Oktabr 5, 2020 Солиҳа хотин бундай бўлади…da fikr bildirishni o'chirish

Асмаъий раҳимаҳуллоҳ дейди:

 “Бир марта мен саҳрода жуда хунук одамнинг хотини бир гўзал аёл бўлганини кўрдим ва унга шундай дедим:

– Сен шундай гўзал бўлсанг, бу ўта хунук одамнинг аёли бўлишдан мамнунмисан?

У жавоб берди:

– Сиз адашяпсиз, эҳтимол у Раббимиз олдида жуда солиҳдир ва Аллоҳ мени унга мукофот этиб бергандир, балки мен гуноҳларим учун Аллоҳ уни мен учун жазо этиб тайинлагандир.

Қандай қилиб Аллоҳ менга ато қилган нарсадан хурсанд бўлмайин?!

Унинг сўзлари мени жим қилди”.

Сайёр айтади: «Риёҳ менга шундай ҳикоя қилиб берди: «Менга бир аёл ҳақида айтишди. Насибамиз қўшилиб, турмуш қурдик. Хуфтон ўқиб бўлингач, у атир-упаларини суртиб, безаниб, чиройли кийимларини кийиб, ёнимга келиб, «Хожам, менда ҳожатингиз борми?» дер эди. «Ҳа» десам, ёнимда қолар, «Йўқ» десам, безакли кийимларини ечиб, тонг отгунча намоз ўқиб чиқар эди. Аллоҳга қасамки, (ибодатда) у мендан ўзиб кетди».

Солиҳа аёл диннинг ярмидир.

Солиҳа аёл дунё матоларининг энг яхшисидир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. Муслим ривояти.

Ҳоким ўзининг “Мустадрок” китобида Анас розияллоҳу анҳудан сахиҳ деб ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўлса, Аллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин”, деб марҳамат этганлар.

Солиҳа аёлнинг зийнати хусусида Абу Нуъайм қуйидагини айтади: Саъид ибн Мусаййибнинг аёли: “Биз ўз эрларимизга, сизлар ўз амирларингизга сўзлагандек, “Аллоҳ сизни салоҳиятли қилсин, Аллоҳ сизни саломат қилсин” деб айтар эдик”, деб айтади.

 

Ёқуб Умар тайёрлади.