Жаҳон савдо ташкилотига илк бор аёл киши раҳбарлик қиладиган бўлди
Ташкилот раҳбарлигига номзодлар беш кишидан икки кишигача камайди.
Улар Нигериядан Нгози Оконжо-Ивеали ва Корея республикасидан Ю Мён Хи, дейилади ЖСТ сайтида.
“Ташкилот аъзолари энг кўп ишонч билдирган иккита номзод қолди. Финалга нигериялик Нгози Оконжо-Ивеала ва Корея Республикасидан Ю Мён Хи чиқишди”, – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, энди Жаҳон савдо ташкилотининг еттинчи бош директори аёл киши бўлади, бу ташкилот учун тарихий воқеадир.
Оконжо-Ивеала 1954 йилда Нигериянинг Огваши-Уку шаҳрида туғилган. ЖСТ сайтига кўра, у турли вақтда Нигерия молия вазири, ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган. Бундан ташқари, у Жаҳон банкининг бошқарув директори бўлиб ҳам ишлаган.
Мён Хи 1967 йилда Жанубий Кореянинг Улсан шаҳрида дунёга келган. Ҳозир у мамлакатнинг савдо вазирлигини бошқармоқда. Мён Хи мамлакатда ушбу лавозимга тайинланган биринчи аёл ҳисобланади.
Бундан аввалроқ ЖСТ раҳбари Роберто Азеведо кутилмаганда муддатидан бир йил олдин, яъни жорий йилнинг 31 августида раҳбарликдан кетиши ҳақида баёнот берган эди.