Саломатлик

Қулоқдаги шовқин, эшитиш сифати пасайишининг сабаблари нимада?

Чоп этилди Oktabr 11, 2020 Қулоқдаги шовқин, эшитиш сифати пасайишининг сабаблари нимада?da fikr bildirishni o'chirish

Олимларнинг маълумотига кўра, шамоллаш касалликларидан ташқари, ичкиликка берилиш, узоқ йиллар давомида чекиш ва мунтазам қулоқчинлардан фойдаланиш эшитиш қобилиятининг пасайишига сабаб бўлади. 
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Шавкат Омонов қулоқ касалликларининг турлари, келиб чиқиш сабаблари ва эҳтиёткорлик чоралари ҳақидаги саволларимизга жавоб берди.
– Эшитиш сифати пасайишига, асосан, нималар сабаб бўлади?
– Эшитишнинг турли даражада пасайиши дунё аҳолисининг 6 фоизида учрайди, – дейди Ш.Омонов. – Эшитиш пасайиши наслий, туғма, орттирилган ҳамда ўткир ва сурункали турларга ажратилади. Эшитишнинг заифлигига, жумладан, туғма нуқсонлар, ўрта қулоқнинг ўткир ва сурункали яллиғланишлари, секретор отит, вирусли касалликлар, отосклероз, Меньер хасталиги, сенсоневраль эшитиш хасталиги, бошқа аъзолардаги ўзгаришлар сабаб бўлади. Шунингдек, гентамицин, канамицин, неомицин ва мономицин токсик дориларни қабул қилиш, шовқин ва вибрацияларнинг узоқ муддатли таъсири, қон таркибидаги ўзгаришлар каби ҳолатлар ҳам сабабчидир.
–Қулоқдаги шовқин қандай касалликдан дарак беради? Шамоллаш оқибатида ҳам бу ҳолат юзага келиши мумкинми?
– Қулоқдаги шовқин қулоқ касалликлари оқибатида ёки қулоқдан ташқи аъзолар хасталиклари сабабли бўлади. Агарда ташқи, ўрта ва ички қулоқнинг хасталиклари мавжуд бўлса, улар шовқиннинг сабаби деб қаралади. Бироқ бу ҳолатда шовқин билан бир қаторда, инсонда эшитишнинг турлича пасайиши кузатилади.
Қулоқдан ташқаридаги миядаги патологик жараёнлар, жумладан, яллиғланиш, турли хил ўсмалар, бўйин томирларидаги ва умуртқа поғонасида ўзгаришлар, қоннинг таркибий ўзгаришлари, хусусан, қандли диабет, ички аъзолар хасталиклари ҳам шовқиннинг сабаби ҳисобланади. Айрим беморларда қулоқ касалликлари ва ундан ташқари омиллар биргаликда шовқинни келтириб чиқаради. Қулоқда шовқин пайдо бўлса, беморлар мукаммал текширувлардан ўтиши лозим бўлади.
– Болаларда қулоқ яллиғланиши кўп кузатилади. Ота-оналар фарзанд тарбиясида қулоқ касалликларига дуч келмаслик учун нималарга аҳамият қаратган афзал?
– Отит – бу қулоқнинг яллиғланиши ҳисобланади ва, айниқса, кичик ёшдаги болаларда ўрта қулоқнинг яллиғланиши кўп учрайди. Ўткир отитларда қулоқда кучли оғриқ бўлади. Мазкур ҳолатда ноғора парданинг тагида суюқлик йиғилади ва кучли босим оқибатида оғриқ бўлади. Қулоқ мажмуаси мияга тааллуқли ҳисобланган чакка суяги ичида жойлашган бўлиб, оғриқ нафақат қулоқда, балки бош соҳасида ҳам бўлади. Шу боис қулоқ касалликларининг мияга асорат бериш эҳтимоли хавфли ҳисобланади.
Қулоқ касалликларининг олдини олиш учун, биринчи навбатда, бурун ва унинг ёндош бўшлиқлари, димоғ ва томоқ хасталикларини даволаш керак. Шу билан бирга, ота-она фарзандининг иммунитетини кўтариши, қулоғига сув киришининг олдини олиш ва жароҳатлардан асраши лозим бўлади.
– Уй шароитида қулоқни тозалаш саломатликка путур етказмайдими? 
– Қулоғи қуруқ ва нам инсонлар бўлади. Ташқи эшитув йўлидаги махсус безлар қулоқ чиркини ажратади, бу чирк аслида ҳимоя вазифасини бажаради. Ташқи эшитув йўлида чирк йиғилса, уни кунора уй шароитида бироз тозалаш мумкин. Бироқ чирк тиқин шаклида бўлса, уни ЛОР шифокори ювиши лозим бўлади. Кун давомида қулоқни тез-тез тозалаш оқибатида ташқи эшитув йўлини жароҳатлаш ҳам мумкин.

Гулноза Бобоева суҳбатлашди. ЎзА