Мақолалар

Санжар ибн Маликшоҳнинг мактуби

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Санжар ибн Маликшоҳнинг мактубиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳижрий 504 йил Рамазон ойининг ўн биринчи куни чоршанбада Санжар ибн Маликшоҳ Самарқанддаги Қосим ибн Жўқийга бир мактуб юборди. У мактубда шундай ёзган эди: «Шайх ул-машойих вал-муслимин Али ибн Му­ҳаммад, Қози Алоуддин ибн Умар, Хожа Имодуддин, Амир Абдулваҳҳоб каби Самарқанд улуғларининг билдиришларича, муҳтарам Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг ёши камолга етибди. Унинг ҳузурига бориш учун бизнинг фурсатимиз йўқ. Зеро, Сулаймоншоҳ буюк бир лашкар билан бу тарафга келаётган экан. Шу боис мамлакатни ташлаб, Самарқанд вилоятига бориб келолмаймиз. Дарвишларнинг такя харажатлари учун Қосим ибн Жўқийга ҳалол йўлдан қўлга киритилган эллик минг динор юборилди. Сиз бизнинг ишимиз учун Фотиҳа ўқисангиз. Сизлардан асосан мақсадимиз шуки, ҳазрати шайх (Ҳамадоний)нинг ахлоқ ва аҳволи хусусида ёзиб, бизга жўнатинг. Чунки эшитишимизча, ҳазрати шайхнинг йўли ва атвори саҳобалар (уларнинг барчасидан Аллоҳ рози бўлсин) йўлидек экан. Албатта, бунга эътибор бериб, дуогўйингиз­ни ҳам бу давлатдан насиба­дор қилинглар».

Кейин ҳазрати шайх ул-ислом азизларнинг ҳузурига, Хожа Абдуллоҳ Баррақийнинг уйига бордилар. Хожа Ҳасан Андоқийни, Хожа Аҳмад Яссавийни, Хожа Шоҳ Ғатфарийни[1] ва бу фақир Абдулхолиқни йиғдилар. Султон Санжар масаласини тушунтирдилар. Сўнг барча Шайх Юсуф Ҳамадоний ҳузурига кирдилар. Санжар ибн Маликшоҳнинг орзусини шайхга арз қилдилар. Шайх унинг иши учун Фотиҳа ўқиб, бундай дедилар: «Эй дарвишлар, бизнинг хатодан бошқа амалимиз йўқки, уни Санжарга юборсак?». Шунда Хожа Алийёна: «Ҳазрат, дарвишлар сизнинг рухсат беришингизни сўрамоқдалар», дегани­да, шайхимиз: «Биздан Аллоҳ расулининг шариатига мувофиқ нима кўрган бўлсангиз, шуни ёзинг!» дедилар.

[1] Т.н.да шу сўздан кейин: «Хожа Алийёна, Хожа ал-Ҳакам, Хожа Шамсиддин Ғатфарий, Шайх Низомиддин Моутридий, Хожа Муҳаммад, Хожа Козиру­ний Гулободий, Хожа Шаръий Муҳаммад, Хожа бул Ғатфа­рий, Абу Мусо, Имом Яҳе Ғатфарий, Хожа Исҳоқ, Хожа Сулаймон Орифи Туркий, Хожа Жуқла, Хожа Қурайш, Хожа Одам Шавдорий, Хожа Работ».

 

 

 

 

 

 

 

 

Хожа Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» китоб идан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 11500 сўм.