Қирғизистон президенти истеъфо берди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазият бўйича бугун халққа мурожаат йўллаб, истеъфо берганини маълум қилди.
Мурожаатда айтилишича, парламент ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлагани ва президент тегишли тайинлашлар ҳақидаги фармонларга қўл қўйганига қарамай, пойтахт Бишкекда вазият таранглича қолмоқда.
“Афсуски, тажовузкорлик тўхтамаяпти, менинг истеъфом ҳақидаги талаблар давом этмоқда, – деди Жээнбеков. – Мавжуд вазият икки томонннинг низолашишига яқинлашиб қолди. Бир томондан – норозилик билдираётганлар, иккинчи томондан – ҳуқуқ-тартибот органлари. Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари давлат қароргоҳини ҳимоялаш учун қурол қўллашга мажбур. Бу ҳолатда қон тўкилмай иложи йўқ. Мен ҳар икки томонни провокацияларга берилмасликка чақираман”.
Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятга ёпишиб олмаганини ва Қирғизистон тарихида ўз халқига қарата ўқ узиб, қон тўккан президент сифатида қолишни истамаганини айтиб, истеъфо беришга қарор қилганини билдирди. У бош вазир Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчиларни ўз тарафдорларини пойтахтдан олиб чиқишга ва Бишкекда тинчлик ўрнатишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Жээнбековнинг парламент сайловидан кейин истеъфо бериши ҳақида хабар тарқалган эди.