Мақолалар

Қабр азоби ҳақ

Чоп этилди Oktabr 25, 2020 Қабр азоби ҳақda fikr bildirishni o'chirish

Кофиру фосиқлар “экканин ўрар”,

Қабрнинг даҳшатли азобин кўрар.

 

Қабрдаги имтиҳондан ўта олмаган кимсалар, хабарларда келгани каби, то қиёмат кунигача қабр азобига гирифтор бўладилар. Қуръонда Фиръавн аҳлининг эртаю кеч оловга кўндаланг қилиниб туришлари хабар берилган:

Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади ва Фиръавн зодагонларини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!» (дейилур)[1].

Ушбу ояти каримадаги оловни муфассирлар қабр олови ва азоби дейишган. Чунки қиёмат кунининг азоби ояти кариманинг давомида алоҳида баён этилган. Яъни, Фиръавн аҳли қиёматгача қабрда азобланади, қиёматда эса ундан ҳам баттар азобга дучор бўлишади. Ўша кунда фаришталарга:Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз! дейилади.

Кўпчилик олимлар кофир ва баъзи гуноҳкор мўмин­лар қабрда азобланиши, итоаткор бандаларга қабрда роҳат борлиги ва МункарНакир саволга тутиши ҳақлиги борасида бир қанча далиллар келтирганлар.

Қабр азоби машруъ бўлиб, ақлга тўғри келадиган ишдир. Бунга сабаб ухлаган кишидан руҳ чиқади, бунга далил:

“Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур…” (Зумар42 –ояти)дир. Ухлаган киши уйқусида азобланади, роҳат топади, таълим олади, гапиради, кулади, йиғлайди ва эшитади. Чунки руҳ кишига муттасил бўлса, у хоҳ суяк, хоҳ гўшт, хоҳ тупроқ бўлсин, азоб чекади. Чунки тиш этга ёпиш­ганлиги, руҳ эт воситасида тишга ёпишганлигидан (тиш) оғриқни ҳис этади.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

 «Ва Фиръавн аҳлини ёмон азоб ўраб олди. У оловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. Соат (қиёмат) қоим бўлганида эса: «Фиръавн аҳлини энг ашаддий азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир сураси, 45, 46-оятлар).

Бу оятдан Фиръавн оиласи (яъни ҳамтовоқлари) қиёмат кунигача оловга дучор бўлиши тушунилади. Бу эса, уламоларнинг ижмоларига кўра, руҳ билан баданга бўлади[2].

Шунингдек, ушбу ояти каримада Фиръавн оиласи қиёмат қоим бўлишидан олдин олов азобига дучор бўлишлари зикр қилинмоқда. Бу эса, қабр азоби демакдир. Чунки қиёмат кунининг азоби оятнинг давомида алоҳида баён этилган.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

 «Албатта, золим (кофир) бўлган кимсалар учун бундан (қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир. Лекин уларнинг аксарияти (буни) билмаслар» (Тур сураси, 47-оят).

Ушбу ояти каримадаги «….бундан (қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир….» маъноси ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У қабр азобидир», – деганлар.

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло бундай дейди:

 «…Албатта, уларни икки бор азоблаймиз. Сўнгра (қиёматда) улкан азоб (дўзах)га қайтари­лурлар» (Тавба сураси, 101-оят). Мазкур оятдаги «икки бор» сўзидан дунёдаги азоб ва қабрдаги азоб ирода қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар:

«Бавлдан (сийдик) сақланинглар. Чунки қабр азобининг барчаси шундандир». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Шу ўринда юқорида келтирилган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни яна бир бир таҳлилга тортамиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина деворларининг бирининг ёнидан ўтиб кетаётганарида қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Сўнг: «(Бу икки қабрнинг соҳиблари) азобланмоқдалар. Уларнинг азобланиши катта гуноҳ туфайли эмас», дедилар. Кейин гапларида давом этиб: «Уларнинг бири ўзининг пешовидан сақланмас эди. Иккинчиси чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнг бирон қуримаган шох келтиришни буюрдилар. (Келтирилгач) шохни икки бўлакка бўлдилар-да, икковисини икки қабрга суқиб қўй­дилар. «Эй Расулуллоҳ, нима учун бундай қил­дингиз?» деб сўралганида у зот: «Шояд шохлар қури­гунича у икковисидан азоб енгиллатилса», дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифда қабр азоби ҳақлиги ва қабр азобига сабаб бўладиган амал зикр қилинмоқда. Шунингдек, иккита гуноҳ, яъни сийдикдан сақланмаслик ва чақимчилик қилиш катта гуноҳ эмас деб, зикр қилинди. Бу мазкур икки гуноҳ сағира гуноҳлардан, дегани эмас. Балки қабрда азобланаётганлар уни кичик гуноҳ деб, беэътибор бўлганликларидир. Зотан, сийдикдан сақлан­маслик ва чақимчилик Аллоҳ таолонинг наздида катта гуноҳ ҳисобланади. Шунингдек, кичик гуноҳларда бардавом бўлиш ҳам катта гуноҳ ҳукмида бўлади[3].

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “…Қабр жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзахнинг бир чуқурлиги­дир”. Имом Термизий ривояти[4].

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қабр азоби уч қисм бўлади. Учдан бири ғийбат, яна учдан бири чақимчилик ва яна учдан бири бавл (сақла­маслик)дандир» Имом Байҳақий ривояти[5].

Юқорида айтилган далиллар қандай ўрин ва ҳолатда бўлса ҳам, қабр азобининг ҳақ эканига далолат қилади. Ким уни инкор қилса, кофир бўлади.

Итоаткор бандага қабрда азобланиш йўқ. Лекин қабрнинг қисиши бор. Баъзилар қабрнинг қисиши Аллоҳ­нинг берган неъматларига шукрни тўла адо этолмагани учундир, дейишган[6].

Баъзи уламолардан қабр азобининг икки турда бў­лиши ривоят қилинган:

  1. Доимий. Бундай қабр азоби кофирларнинг барчасига ва баъзи осий, гуноҳкор мўминларга бўлади;
  2. Доимий бўлмаган. Баъзи гуноҳкор мўминлардан қабр азоби дуо ва садақа каби ишлар туфайли тўхтатилади.

Қабр азоби ва неъмати ҳақ эканига иймон келтириш лозимлиги Аҳли сунна вал-жамоа иттифоқ қилган масала ҳисобланади. Қабр азобини инкор қилган кимсанинг ҳукми ҳақида икки хил қавл ривоят қилинган:

а) бундай кимса (маънавий) мутавотир хабарларни инкор қилгани учун кофир бўлади;

б) аҳли сунна вал-жамоадан чиққан бидъатчи ҳисобланади. Ушбу иккинчи фикр, уламолар наздида, мўътабар саналади.

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза” китобидан

 

[1] Ғофир сураси, 45–46-оятлар.

[2] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Минаҳур-равзил-азҳар фи шарҳил-фиқҳил-акбар». Байрут: «Дорул башаирил исламия». 1998, 293-бет.

[3] Мусо Шоҳин Лошин. «Манҳалул-ҳадис». Байрут: «Оламул-кутуб». 2001, 1-жуз, 46, 47-бетлар.

[4] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хотиб ат Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. “Таваккул ва сабр” боби. Байрут. Мактабатул исломий. 3 босма. 1985, 3-жуз, 161-бет.

[5] Абдурроҳман ибн Абу Бакр Жалолиддин Суютий. “Жомеъул аҳадис”. Шомила кутубхонаси. 39-жуз, 172-бет.

[6] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Минаҳур-равзил-азҳар фи шарҳил-фиқҳил-акбар». Байрут: «Дорул башаирил исламия». 1998, 295-бет.