Мақолалар

МАЙЙИТ ҲУЗУРИДА ҲОЗИР БЎЛАДИГАНЛАР

Чоп этилди Noyabr 9, 2020 МАЙЙИТ ҲУЗУРИДА ҲОЗИР БЎЛАДИГАНЛАРda fikr bildirishni o'chirish

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирга ансорлардан бир кишини дафн этиш учун қабр олдига бордик. Қабр ковланиб ҳали маййит лаҳадга қўйилмаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар. Биз ҳам у зот атроф­ларида ўтирдик. Шу пайтда бошимиз гарангсиган эди. У зотнинг, қўлларида эса бир шох бўлиб, уни ерга (фикр юритаётганлари учун) уриб ўтирардилар. Бошларини кўтариб: «Аллоҳ номи ила қабр азобидан паноҳ тиланглар», – деб икки ёки уч бора айтдилар, кейин яна бундай дедилар: «Албатта, мўмин банда бу дунёдан узилиб, охиратга юз тутадиган бўлса, оқ юзли фаришталар осмондан тушишади. Уларнинг юзлари гўё қуёшга ўхшайди. Улар билан бирга жаннатдан олинган кафанлар ва хушбўй нарсалар бўлади. Ҳаттоки улар кўзга кўринадиган масофада ўтиришади. Кейин ўлим фариштаси келиб, унинг бош томонига ўтиради: «Эй хотиржам нафс! Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги учун чиққин», – дейди. Бас, у кишидан руҳ ҳудди мешдан томчи оққани каби оқиб чиқади. Агар сизлар бундан бошқани кўрсангиз ҳам, шу каби чиқади. Уни ўлим фариштаси ушлайди. Агар ушласа, кўз очиб-юмгунча ҳам қўлидан қўймайди. Тушган фаришталар ҳам уни кафанга қўйиб, ҳалиги хушбўй нарсалардан суртишади. Маййитдан ер юзида топиладиган хушбўй нарсадан ҳам хушбўйроқ ҳид таралиб туради. Улар уни олиб кўтарилишади. Бирор фаришталар жамоаси олдидан ўтишганда: «Бу покиза руҳ ким?», – де­йишса, улар: «Фалончи ўғли пистончи», – деб дунёдаги энг гўзал исм ила номлашади. Шу ҳолда дунё осмонига етиб келиб, унинг очилишини талаб қи­лишади. Уларга (эшик) очилади. Ҳар бир осмондаги яқинлари уни навбатдаги осмонга кузатиб қўйиша­ди. Шу алфозда еттинчи осмонга боришади. Аллоҳ таоло: «Бандамнинг китобини Иллиййинда ёзинг­лар ва уни ерга қайтаринглар, чунки Мен уларни ердан яратдим, унга қайтараман ва иккинчи бора ердан чиқараман», дейди. Бас, унинг руҳи жасадига қайтарилади. Икки фаришта келиб ўтиради-да, унга: «Раббинг ким?», – деб савол беришади. У: «Раббим – Аллоҳ», – дейди. Яна икки фаришта: «Дининг нима?», – деб савол беришади. У: «Диним – ислом», – дейди. Икки фаришта: «Сизларга юборилган ким?», – деб савол қилишади. У: «У Аллоҳнинг Расули», – дейди. Икки фаришта қандай илмларинг бор?», – деб савол қилади. У: «Аллоҳнинг Китобини ўқидим, Унга иймон келтириб, тасдиқладим», – дейди. Шунда осмондан бир нидо қилгувчи нидо қилиб: «Бандам рост гапирди. Унга жаннатдан тўшак ёзинг­лар ва жаннатдан кийим кийгизинглар ва жаннатга эшик очинглар», – деб айтади. Бас, унга жаннатнинг хушбўй ҳидларидан олиб келиниб, қабри назар етгунча масофага кенгайтирилади. Ва юзи чиройли, кийими гўзал, ҳиди хушбўй кимса келиб: «Сени хурсанд қиладиган нарсанинг хушхабарини бераман, мана шу сенга ваъда қилинган кун», – дейди. У киши: «Эй яхшилик олиб келувчи гўзал юзли киши, кимсан ўзи?», – деса, у: «Солиҳ амалингман», – дейди. Шунда у киши: «Ё Раббим, қиёматни қоим қил! Ё Раббим, қиёматни қоим қил! Ё Раббим, қиёматни қоим қил! Токи аҳлим ва молим ҳузурига қайтайин», – дейди. Албатта, кофир банда бу дунёдан узулиб, охиратга юз тутадиган бўлса, осмондан юзи қора, қалин тукдан ишланган кийимли фаришталар тушиб, кўз етадиган жойга ўлтиради ва: «Эй ёмон нафс, Аллоҳнинг қаҳру ғазабига чиққин», дейишади. Бас, унинг жасадида ажралиш юз беради. Ундан жонни ҳудди ҳўл жундан темир суғуриб олингани каби тортиб олади. Агар жонни ушласа, кўз очиб – юмгунчалик вақтга ҳам қўйиб юбормайди. Ва жонни ҳалиги тукли кийимга солишади. Уни қўйишга­нида ер юзида топиладиган энг ёмон ҳид анқиб туради. Улар у билан бирга кўтарилиб, фаришталар жамоаси олдидан ўтишса, улар: «Бу ифлос руҳ ким?», – деб сўрашади. Улар: «Фалончи ўғли пистончи!», – деб дунёдаги энг хунук исм ила номлашади. Ҳаттоки дунё осмонида тўхтаб, у ернинг очилишини талаб қилишади. Аммо у ер очилмайди», – деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар:

(Яъни: «Улар учун ҳаргиз осмон эшиклари очилмас»). Аллоҳ таоло: «Унинг китобини ернинг энг пас­тидаги Сижжинда ёзинглар», деса, унинг руҳи отиб юборилади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар:

(яъни, «Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган-у, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган (кимса) кабидир»). Унинг руҳи жасадига қайтарилади ва икки фаришта келиб ўтириб, унга: «Раббинг ким?» – деб савол беради. У: «Воҳ, воҳ, билмайман», – дейди. Икковлари: «Дининг нима?» – деб савол ташлашади. У: «Воҳ, воҳ, билмайман», – дейди. Икковлари: «Сизларга юборилган киши ким?» – деб сўрашса, у: «Воҳ, воҳ, билмайман», – дейди. Шунда осмондан бир нидо қи­лувчи нидо қилиб: «Бандам ёлғон гапирди, унга олов тўшак ёзиб, оловдан кийим кийгизинглар ва унинг учун дўзахга эшик очинглар», – дейди. Шундан кейин унга дўзах иссиғи ва заҳридан келиб туради ва қабри торайтирилади, шунчалик торайганидан ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Кейин юзи хунук, кийими хунук, бадбўй ҳидли киши келиб: «Сени хафа қилгувчи нарса хушхабарини берайин. Сенга ваъда қилинган кун шудир», – деса, у: «Юзинг ёмонлик олувчи кимсан?» – дейди. Шунда у: «Мен сенинг ёмон амалингман», – дейди. У киши (қўрққанидан): «Эй Раббим! Қиёматни қоим қилма», – дейди. Имомлар Аҳмад, Ҳоким, Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган[1].

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза” китобидан

[1] Жалолиддин Суютий. «Дунё ва охират чорраҳасида». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2006. 75, 76-бетлар.