Мухтасар тафсирнинг ўзига хос жиҳатлари
Марҳум Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари қаламига мансуб Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимаси илк бор 1990 йилда омма эътиборига ҳавола қилинган эди.
Кейинроқ муаллиф бу таржима устида ишлаб, уни “Қуръони азим мухтасар тафсири” номи билан, яъни тафсир услубида тақдим этди. Унда муаллиф Фотиҳа сурасини бошқа суралардан кўра кенгроқ шарҳлаганини бундай изоҳлайди: “Ҳозирда камина Аллоҳ таолодан тавфиқ ва мадад тилаб, улуғ ишга – ўтган муфассирлар изидан бориб, Каломуллоҳни имкон қадар кенгроқ тафсир қилишдек чўнг (улкан) бир юмушни адо қилишга киришдимки, қўлингиздаги ушбу Китобда сиз азизларнинг дуоларингиз умиди билан ўша, иншоаллоҳ, ёзилажак тафсирдан бир намуна – Фотиҳа сурасининг тафсири – хамир учидан патир қабилида эътиборингизга тақдим этилаётир”.
Фотиҳа сурасининг тафсирига киришишдан олдин суранинг нозил қилиниши, номланиши, оятлари сони, суранинг фазилати, хусусияти ҳақидаги ҳадис ва хабарлар келтирилади. Шу билан бирга “Басмала”нинг мазмун-моҳияти, у ҳақда келган хабарлар, унинг айтилишига боғлиқ эътиқодий масалалар, унинг фазилати, Аллоҳ таолонинг ундаги икки улуғ сифати хусусиятларига оид маълумотлар келтирилган.
Сўнг ушбу оят Фотиҳа сурасининг биринчи оятими, йўқми экани ҳақида олимларнинг қарашлари, хусусан, ҳанафий олимларнинг фикрларига алоҳида тўхтаб ўтилади. Кейин ояти каримада келган ҳар бир сўзнинг мазмун-моҳияти алоҳида шарҳ қилинади.
Шайх ҳазратлари оятларни тафсир қилишда тафсири билмаъсур, яъни оятларни бошқа ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан шарҳлаш ва изоҳлаш услубидан фойдаланган. Масалан, биргина оятни шарҳлаш учун Иброҳим сурасининг 34-ояти, Мулк сурасининг 30-ояти ва Фурқон сурасининг 53-оятларини тафсир сифатида келтиради.
Муфассир оятларни ақлий далиллар билан изоҳлашга ҳам эътибор қаратган. Мисол учун, 16-бетнинг 4-хатбошисида қуйидаги маълумотлар баён қилинади: “Оламлар” калимаси араб тилида “аламот” сўзи билан ўзакдошдир. “Аламот” сўзи ўзбек тилида “белги” деган маънони англатади. Яъни, ўн саккиз минг оламдан ҳар бир олам ўзининг Яратгувчиси – Ёлғиз Аллоҳнинг Бор ва Бир эканига аломат – белги ҳисобланади. Ҳақиқатан, энг кичкина заррани қарасак ҳам ёки жуда катта бир сайёрага назар солсак ҳам, уларнинг ҳар бири улуғ Яратувчи, парвариш қилиб, бошқариб турувчи Зот бор эканига далолат қилиб туради”.
Шунингдек, Фотиҳа сурасидан сўнг айтиладиган “Омин”нинг мазмуни, унинг Фотиҳа сурасидан эмаслиги борасида олимларнинг сўзлари ҳамда намозда қай тарзда айтилиши ҳақидаги ҳадислар шарҳи батафсил келтирилган.
Фотиҳа сурасининг тафсири 10–26-бетларни эгаллаганидан муаллиф оятлар тафсирига анча кенг киришганини пайқаш мумкин.
Ушбу тафсирнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, бир маънога далолат қиладиган бир неча оятлар алоҳидаалоҳида эмас, балки бир жойда келтирилиб, аксар ўринларда ҳар бир оятга алоҳида бир жумла сифатида маъно берилган. Қолаверса, муфассир ояти карима охирида оятга мувофиқ ўзининг хулосаларини ҳам келтириб ўтган: “Масалан, хаста одам табибнинг кўрсатмаси билан ўзига зиён бўладиган ҳаром нарсалардангина эмас, балки баъзи ҳалол нарсалардан ҳам ўзини тияди, парҳез қилади. Чунки у шу ишни қилмаса, тузалмаслигини жуда яхши билади. Тақво ҳам, таъбир жоиз бўлса, маънавий парҳез демакдир”.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тафсир ўзбек халқига Қуръони карим маъноларини тушунишда ёрдам берадиган қимматбаҳо туҳфалардан бири бўлди. Аллоҳнинг каломига хизмат қилишда шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг ҳиссалари таҳсинга лойиқ. Аллоҳ таоло у зотнинг қилган меҳнатлари, саъй-ҳаракатлари, изланишларини гўзал мукофотласин ва Ўз раҳматига дохил қилсин!
Фазлиддин СУВОНОВ,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, ЎХИА мустақил тадқиқотчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан