Мўмин – ишончли киши
“Мўмин ишончли кишидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди” (“Ромузул аҳодис”)
Ҳадиснинг бош қисмида мўминнинг ишончли киши экани, унинг бошқаларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказиши гуноҳ экани уқтирилмоқда.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган мазкур ҳадисга биноан ўзимизни тафтиш қилсак, имонимизнинг даражаси маълум бўлади.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида айтилишича, муҳожир фақат ватанини ташлаб, душмандан қочган одам эмас, балки ёмонликларини тарк этган кишидир. Чунки инсоннинг яшаш жойи ўзгаргани билан ахлоқи, табиати ўзгармайди. Шунинг учун бир жойда яшаб туриб, ёмон хулқларни тарк этиш муҳожирлик билан тенглаштирилмоқда.
Ҳадиснинг сўнгги қисмида эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом қасам ичиб: “Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидладилар. Демак, жаннатга ноил бўлмоқ шартларидан бири қўшнига асло зарар етказмасликдир. Қўшнига зарар етказадиган киши эса жаннатга – Аллоҳнинг буюк эҳсонига мушарраф бўла олмайди.
Сайфиддин ЙЎЛДОШЕВ,
Андижон шаҳридаги “Зубайр ибн Авом” жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан