Ўзбекистон янгиликлари

Сергелидаги метро станцияларининг ҳам номи бўлмайди. Улар Қўйлиқ метроси бекатлари каби рақамланади

Чоп этилди Noyabr 30, 2020 Сергелидаги метро станцияларининг ҳам номи бўлмайди. Улар Қўйлиқ метроси бекатлари каби рақамланадиda fikr bildirishni o'chirish

Пойтахтнинг Сергели тумани ҳокимлиги туман ҳудудидан ўтган янги метро линиясининг ён атрофларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Эълон қилинган суратлардан кўриш мумкинки, янги бекатлар ҳам Қўйлиқ метроси бекатлари каби алоҳида номга эга бўлмай, рақамланади.

Сергели метро линиясини қуриш ишлари 2016 йилнинг декабрида бошланган бўлиб, у 2020 йилнинг кузида фойдаланишга топширилиши лозим бўлган. Лойиҳага кўра, метрополитеннинг янги йўналиши «Чоштепа», «Тошкент ҳалқа йўли», «Сергели», «Афросиёб», «Қипчоқ» ва «Чинор» номларига эга бўлиши керак эди.

 Аввалроқ Тошкентдаги ерусти метро линиясининг биринчи қисми 2020 йилнинг сентябрь ойида очилгани тўғрисида хабар берилганди. Уларда ҳам бекатлар рақамланган. Бироқ унинг лойиҳасида ҳам ҳар бир бекат ўз номига эга эди: «Тузел», «Илтифот», «Роҳат», «Янгиобод», «Қўйлиқ».

Сентябрь ойида ўтказилган пресс-тур давомида Тошкент метрополитени ходими Рустам Пўлатов янги метро линияларининг рақамланишини вақтинча эканлигини айтганди: «Қолган бекатлар ҳам қуриб битказилгандан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли идоралари бекатларга ном қўяди. Атамашунослар бунда бекатлар қурилган жойнинг тарихи, ўтмишини ўрганиб, шунга кўра ном танлайди».

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида Тошкент метросининг «Юнусобод» йўлидаги 2 та янги бекат қуриб битказилган. Уларнинг номи лойиҳадагедек қолган — «Туркистон» ва «Юнусобод».