Яхшилигимиз аввало ўзимизга
Зарур онларда кимларгадир ёрдаминг тегса, бирор мушкулини аритсанг, оғирини енгил қилсанг, уларга шодлик бағишлайсан, лекин улардан ҳам кўпроқ ўзинг қувонасан.
Бундан анча йиллар муқаддам… қишнинг совуқ кунлари эди. Туман марказидан уйга қайтардим. Машинамга ёнилғи мойи қуйиш учун катта ўзбек тракти ёқасида жойлашган ёнилғи шохобчасига қайрилдим. Кираверишда атрофига 3-4 одам тўпланиб турган “Жигули” машинаси диққатимни тортди. Турганлардан бири ишора билан тўхташимни сўради. Салом бериб уларга яқинлашдим:
– Хизмат, акалар?
– Ука, биз меҳмонмиз, – деб гап бошлади ёши каттаси. – Машинани укам ҳайдарди. Кодланган қулф ўрнатилган экан. Мен буни билмас эканман, кодини сўрамасдан йўлга чиқиб келаверибман. Машинага ёнилғи солмоқчийдик, бакни очолмаяпмиз. Икки соатлардан буён кўп уриндик, лекин натижа чиқмаяпти. Бола-чақаям совуқда қолди. Мабодо шундай масалага ишингиз тушган бўлса, бир уриниб кўрасизми, дегандик…
– Кодланган қулфга ҳеч ишим тушмаган. Лекин уриниб кўравераман. Худо хоҳласа, очилиб кетар!
Ҳақиқатан ҳам, бундай қулфларни очишни билмасдим. Ўша пайтларда ҳозиргидек ҳамманинг қўлида телефон ҳам бўлмас, айни дамда меҳмоннинг укаси билан боғланиш имкони йўқ эди. Қатор рақамлар орасидан бакни очиш рақамини топиш… таваккал қилишдан бошқа йўлини кўрмадим. Қалбимда Аллоҳдан мадад сўраб, мусофирлар ҳақига дуо қилдим.
Бакнинг ялтироқ металл қопқоғига гир айлантириб рақамлар ёзилган, ўртасида уни очиб ёпадиган қопқоқча. Шу пайтда қаердадир ўқиганим ёки эшитганим – кодланган темир қутиларни очишда код рақамларини тўғри терсанг, билинар-билинмас белги бериши ҳақидаги фикр хаёлимдан ўтди. Вужудим қулоққа, бармоқларим сезгига айланди. Мен қопқоқ мурватини секин-аста айлантира бошладим. Қайсидир рақамга келганда, ҳаракат енгил кўчаётгандек бўлди. Такрор бураганимда ҳам шу ҳолатни ҳис этдим. Бу рақам код рақамларидан бўлиши мумкиндир, деб белгилаб қўйдим. Шу тариқа бошқаларини ҳам белгилаб олиб, бак ҳалқасини бураган эдим, очилиб кетди. Бундан ўзим ҳам ҳайрону қувончда эдим. Меҳмонларнинг хурсандчилигини айтмайсизми? Йўлга тушиб кетгунларича менга миннатдорчилик билдиришди.
Ўшандан кейин ҳам Аллоҳга таваккал қилиб, яхши ният билан бошланган ишлар танишу нотанишлар олдида юзимизни ёруғ қилиб, ҳаммадан ҳам ўзимизга унутилмас бўлиб қолди.
Нуриддин ҚЎЛДОШЕВ,
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан