Мақолалар

Ижобатига Аллоҳ кафил бўлган дуо

Чоп этилди Dekabr 8, 2020 Ижобатига Аллоҳ кафил бўлган дуоda fikr bildirishni o'chirish

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

«Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) “Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қил­сак, бизни жавобгар этма! Эй Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортилган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Раббимиз, тоқа­тимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт”» (Бақара сураси, 286-оят).

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нар­сани таклиф этмайди”. Бу Аллоҳ таолонинг лутфи ва раҳматидан. Ушбу ояти карима саҳобаи киромлар­­да Парвардигорнинг: “Ичин­гиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизни бу билан ҳисоб-китоб қилур” (Бақа­ра сураси, 284) оятидан анг­лашилган қўрқувни барта­раф этди. Яъни, Аллоҳ таоло ўзини-ўзи тўх­татишга қо­дир бўлган (ўғри­лик, зино, маст қилувчи ичимликлар­ни ичиш каби) нарсалар учун бандани азоблайди. Аммо нафс вас­васаси каби банда ожиз бўл­ган ҳолатлар бун­дан мус­тас­но. Шарти вас­ва­санинг ёмон эканини эъти­роф этишдир.

Қуръони каримнинг кўп­гина оятларида инсоният енгил нарсаларга буюрилиб, машаққатли нарсалар унинг зиммасига юкланмайди. Масалан: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғир­ликни хоҳламайди” (Ба­қара сураси, 185-оят). Яна: “Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизлар­га бирор ҳараж (қийинчи­лик) қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).

Аллоҳ таоло ва Расули бу­юрган фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб каби амаллар­­ни бажариш бандага қийин­­чи­лик туғдирмайди. Шунинг­­дек, Аллоҳ ва Расули қай­тар­­ган ҳаром, макруҳ каби амал­лардан тийилиш ҳам машаққат эмас. Олимлардан бири: “Гуноҳдан тийилиш, ха­тога тавба қилиш ва уни туза­тишдан кўра енгилроқ­дир”, деган.

Аллоҳ таолонинг буюр­ганларини бажармаслик ва қайтарганларидан қайтмас­лик машаққатли бўлиб, ин­сон ҳаётига ва жа­миятга за­рарлидир. .

Оятда ёмонлик сўзига “орттиргани” лафзи қўшиб айтилишидан мурод ёмон­лик машаққатлардан иборат эканини баён этишдир. Ма­салан, ўғри ўғрилик учун пайт пойлайди, режа тузади, пистирма қўяди ва ҳоказо. Аммо яхшилик кўп ҳаракат талаб этмайди. Сабаби, Пар­вардигор уни инсон табиа­ти­га солган. Қалб ҳам яхши­ликни бажариш илинжида. Шунинг учун уни амалга оширишда тайёргарлик ва тадбирга эҳтиёж йўқ. Садақа қилмоқчи бўлса, беради-қўя­ди. Ҳар яхшилик ортидан банданинг нафси покланади, Яратувчиси олдида ўзининг заифлигини ҳис этади. Аллоҳ таолога бутун вужуди билан боғланади. Унинг наздида ҳисоб-китоб қилинишини ёдда тутади. Шунинг учун яхшилик қилишдан тўхта­майди. .

Аллоҳ таоло бандаларини қуйидаги дуога тарғиб этиб, унинг ижобатига кафил бўл­моқда: “Эй Раббимиз, агар унутсак ва хато қилсак, биз­ни жавобгар этма!” Яъни: “Агар фарзни тарк этсак ёки унутиб ҳаром ишни қилиб қўйсак ё хато қилсак, бизни иқобга олмагин”. Имом Бай­ҳақий, Имом Табароний ва Имом Ҳоким раҳимаҳумуллоҳ Абу Зар, Ибн Аббос ва Савбон ро­зийаллоҳу анҳумдан ри­воят қилади: «Набий алайҳис­салом: “Аллоҳ таоло мен­га умматимдаги хато­лик, унутиш, мажбурлик­да қи­линган нарсаларни ке­чириб юборди”, дедилар».

“Эй Раббимиз, биздан олдин ўтганларнинг зим­масига ортилган машаққат­ни бизнинг зиммамизга ортма!” Яъни: “Биздан ол­дин ўтган умматларга мол­нинг закотини тўртдан би­­рини бериш, кийимга на­жо­сат тегса, ўша ерини ке­сиб ташлаш билан поклаш каби машаққатли амалларни, гарчи тоқатимиз етса ҳам, бизга юклама”.

Набий алайҳиссаломнинг рисолатларида енгиллик, осонлик, кенглик ва оддий­лик бор. Сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам умматларнинг барчаси­га раҳмат пайғамбаридир. Имом Хотиб раҳимаҳуллоҳ Жобир розийаллоҳу анҳу­нинг Набий алайҳиссалом­дан қилган ривоятида: “Мен осон дин – ҳанифийлик билан юборилдим”, деганла­рини кел­тирган. .

“Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама!” Яъни: “Тоқатимиз етмайдиган так­лиф, мусибат ва балолар, шунингдек, енгиб ўтишга кучимиз етмайдиган фит­наларга мубтало этма”.

“Бизларни афв эт”. Сен билан бизнинг орамизда Ўзинг билган қусурларимиз ва хатоларимизни афв эт.

“Ва кечир”. Бизни ва биз билан бандаларинг орасида­ги нарсаларни мағфират қил. Айбларимиз ва қабиҳ амал­ларимизни ошкор этма.

“Ҳамда бизларга раҳм қил”. Тавфиқинг билан гу­ноҳга ботишдан узоқ­лаштир. .

Ушбу оятлардан аён бў­ла­­дики, унутган ёки хато қи­л­­ганида жазоланмаслик бан­да­нинг афв этилганини бил­диради. Қийинчилик, ма­шаққат ва оғирликни юкла­маслик мағфиратни вожиб қилади. Тоқат етмайдиган нарсани юкламаслик эса Ал­лоҳ таолонинг раҳматидан даракдир.

“Сен бизнинг Хожамиз­сан”. Подшоҳимиз ва барча иш­ла­римизнинг Мавлоси, Қут­қарувчимизсан. Сенга та­ваккал қиламиз, Ўзинг ёр­дам берувчисан. Куч-қудрат фақат Сендан.

“Бизларга кофирлар қав­ми устидан ғолиблик ато эт!” Яъни, ди­нинг, ваҳдо­ниятинг ва Пай­ғамбаринг рисолатини рад этганлар устидан нусрат бер. Сендан ўзгага ибодат қилган, бан­даларинг орасидан Сенга ширк келтирганлардан биз­ни ғолиб айла. Дунёда ҳам, охиратда ҳам бизга яхши оқи­бат ато этгин.

Муоз ибн Жабал розий­аллоҳу анҳу ушбу ояти кари­мани ўқиб бўлгач, албатта: “Омин”, деб айтар эди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ тао­ло ушбу оятдаги дуони ижо­бат этишга кафиллик бер­ган. Бунга ушбу ҳадис: «Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ таоло: “Ҳа (кафиллик бераман)”, деди» деганлари далилдир (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис­да эса Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло: “Шундай қилга­ним бўлсин”, деди» деганлар.

Ибн Мардавайҳ Ибн Аб­бос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам Бақара сурасининг охи­рини ва Оятул Курсийни ўқисалар, табассум қилар­дилар ва: “Бу иккиси Раҳмоннинг Арш ос­тидаги хази­наларидандир”, дер эдилар».

“Тафсири Мунир” китоби асосида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

Жасурбек РАУПОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан