Европага йўл Ислом орқали ўтади
(Фазл ибн Яҳё – қоғоз фабрикаси асосчиси)
Замонавий технологиялар тараққий этган бир даврда қоғоз ишлаб чиқариш, бир қарашда оддийдек кўринади. Лекин жавонимиздаги китоблар, газета, журналлар биз ўйлагандан анча мураккаб жараённи босиб ўтган.
Қоғоз милодий 105 йили хитойликлар томонидан кашф этилган. Лекин шундай бўлса-да, қоғоз саноати оммалашмади, унинг тайёрланиши сирлигича қолаверди.
Қоғоз Европа мамлакатларига етиб боргунга қадар одамлар силлиқ тош, сопол буюмлар, ишлов берилган тери ва папируслар, палма дарахтининг новдаларига матн ёзишган. Фақат милодий 751 йилга келиб, Талас водийсида бўлган жангда мусулмонлар хитойликларга асир тушиб, қоғознинг қандай тайёрланишини билиб олишди (Salim Hassani, “Muslim heritage in our world”, p. 136). Айнан шу воқеа қоғознинг бутун дунёга тарқалишига асос бўлди.
Қоғоз ишлаб чиқариш милодий 794 йили аббосийлар халифалиги вазири Фазл ибн Яҳёнинг биринчи қоғоз фабрикасини очишидан бошланди (Mustafo Mahmud Sulaymon, “Tarix al-ulum vat-tiknolodjiya”).
Хитойликлар дастлаб қоғоз тайёрлашда тут пўстлоғини бирламчи хомашё сифатида ишлатишди. Мусулмонлар қоғоз тайёрлаш технологиясини осонлаштириб, бу жараёнда зиғир ва пахтадан фойдаланишди. Бу эса тайёр маҳсулотнинг арзонлашуви ҳамда қоғознинг кенг тарқалишида асосий омил бўлди. Канопнинг оммабоплиги ва пишиқлиги туфайли мусулмонлар сифатли қоғоз тайёрлай бошлашди. Натижада Бағдодда қоғоз саноати гуркиради.
Қоғоз тайёрлашда дастлаб мато бўлакларга бўлиниб, сўнг намлантирилди. Хомашёдаги кир ва турли ранглар кетказилиши учун бир муддат ишқор солиб қайнатилди. Тайёр массани хамир ҳолига келтириб, куволда билан уриб, ишлов берилди (Jalol Muzaffar, “Xazarat Al-Islam va asaruha fi at-taraki”).
Қоғоз саноати асосчиси Фазл ибн Яҳё (766 йили таваллуд топган) бармакийлар сулоласи вакили вазир Яҳё ибн Холиднинг тўнғич фарзанди. Бундан ташқари, Фазл халифа Ҳорун Рашиднинг эмикдош акаси бўлиб, иккиси бирга таҳсил олишган. Бир қанча вақт Мосулда ноиблик вазифасида хизмат қилди. Солиқ тушумидан Балхда каналлар қурдирди. Кўплаб масжид, работ ва карвонсаройлар ҳам вазирнинг саъй-ҳаракати туфайли ишга туширилди. У 792 йили Арманистон, Озарбайжон, Каспийбўйи вилоятларида, 794 йили эса Хуросонда ноиблик вазифасида иш олиб борди (Zetterstéen K. V. 1987).
Ҳорун Рашид тахтга ўтиргач, Фазлни ўзига вазир этиб, ўғлининг тарбиясини унга ишониб топширди.
Фазл ибн Яҳё 17 йил вазир бўлди. Бу орада мамлакатда катта ўзгаришлар содир бўлди. Қоғоз саноати йўлга қўйилиб, арзон ва оммабоп маҳсулотга айланди. Ҳатто халифа бундан кейин одамлар фақат қоғозга ёзишлари ҳақида буйруқ ҳам берди.
Секин-аста ҳокимиятга таъсирини ўтказадиган Фазл ибн Яҳё ва бармакийлар сулоласи халифага хуш келмай қолади. Натижада 803 йили сулола ҳокимиятдан четлатилди. Фазл ибн Яҳё ҳам умрининг қолган қисмини зиндонда ўтказди ва 805 йили вафот этди (Sourdel D. 1991).
Қоғоз фабрикасининг ташкил қилиниши Ислом тараққиёти билан бирга дунё тамаддунида ҳам асосий ўрин тутди. Бағдоднинг “Ипак қурти уйи” маҳалласи қоғоз ишлаб чиқаришнинг маркази сифатида бутун оламга танилди. Қоғознинг оммалашуви китоблар нархининг кескин тушиши, ўз навбатида, илмнинг кенг тарқалишига сабаб бўлди.
Китоблар оммабоп ҳолга келиши сабаб янги касб-ҳунар ва хизмат кўрсатиш турлари ҳам кенгайди. Масалан, мустансихлар китобдан нусха кўчирган бўлишса, варроқ ва саҳҳофлар китоб тайёрлашда зарур буюмлар билан савдо қилишди ҳамда муқовалаш билан шуғулланишди. Ислом тарихчиси Аҳмад ибн Воҳид Яъқубий милодий IX-асрда Бағдоднинг “Ваддоҳ” маҳалласида юзлаб китоб расталари бўлгани ҳақида ёзган (Salim Hassani, “Muslim heritage in our world”, p. 137).
Бағдодда қоғоз фабрикаси йўлга қўйилгач, бошқа шаҳарларда ҳам очила бошлади. Тарихчи Уилям Дюрант “Маданият тарихи” асарида хабар беради: “Мусулмонлар қоғоз ишлаб чиқариш технологияларини Сицилия ва Испанияга ҳам олиб келишган. У ердан Франция ва Италияга етиб борди. 105 йили Хитойда ишлатилган қоғоз 797 йили Маккада, 800 йили Мисрда, 980 йили Испанияда, 1100 йили Византияда, 1102 йили Сицилияда, 1228 йили Германияда, 1309 йили Англияда истеъмолга кирди”.
Мисрда IX асрдан бошлаб қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қуръони каримнинг биринчи қоғоз нусхаси X асрда кўчирилган.
Қоғоз саноати Шимолий Африка ва Марокаш орқали 950 йили Испанияга етиб борди. Испаниянинг Валенсиядан унча узоқ бўлмаган Шатива шаҳри “Шотибий” номини олган қалин ва ёрқин қоғозлари билан дунёга машҳур бўлди.
200 йил давомида қоғоз барча Ислом ўлкаларига тарқалди. Натижада китоб тайёрлаш ҳам енгиллашиб, китоб нархлари кескин пасайди. Бир китобнинг минглаб нусхасини тайёрлаш имкони пайдо бўлди. Ўз навбатида, китобот ва хаттотлик санъати ривожланиб, расталарда сиёҳ ва бўёқларнинг турлари орта бошлади.
Париж ислом институти профессори Жак Рислер “Араб тамаддуни” китобида: “Шубҳасиз, мусулмонларнинг Европага туҳфа қилган энг катта яхшилиги бу – қоғоз бўлган”, деб ёзади.
Даниялик тарихчи Ёҳансен Педерсен эса мусулмонларнинг қоғоз саноатини кенг йўлга қўйишлари “нафақат исломий китоблар, балки бутун дунё китоблари тарихида бурилиш ясади”, деб эътироф этган (Salim Hassani,“Muslim heritagе in our world”, p. 137).
Тошкент ислом институти талабаси
Мунаввар РУСТАМ қизи тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан