Беморни дуо қилиш
Мана, бир неча ойдан бери бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси юртдошларимизнинг ҳузур-ҳаловатини ўғирлаб, тинчини бузмоқда.
Алҳамдулиллаҳ, меҳр-оқибатли халқмиз. Ён қўшнимиз, яқин қариндошларимизнинг тоби қочса, дарҳол улардан кўнгил сўрашга интиламиз. Афсуски, карантин сабабли беморлар ҳолидан хабар ололмаяпмиз. Бундай вазиятда телефон орқали бўлса ҳам, хасталардан ҳол-аҳвол сўраш, уларнинг ҳақига дуо қилиш ва уларнинг ҳам дуоларини олиш динимиз таълимотида баён этилган.
Набиййи муҳтарам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон киши қачон касал дўсти зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи бештадир: саломга алик олиш, касални бориб кўриш, чақириққа жавоб бериш, жанозада ҳозир бўлиш ва акса урса, унга яхшилик тилаш”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Касални дуо қилиш
Пайғамбаримиз алайҳиссалом касалларни бориб кўрар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, касалликни кетказгин, шифо бергин, Ўзинг шифо берувчисан, Ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўймайдиган шифо беришингни сўрайман”, деб дуо қилар эдилар (Имом Бухорий ривояти).
Оғриётган жойга қўлни қўйиб, дуо қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўлингни оғриётган жойга қўйгин ва “Бисмиллаҳи” деб уч марта айт ва етти марта “Аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру” (Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан ёмонликдан ва хавфсираган нарсамнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман) дегин», дедилар.
Касал одамдан дуо сўраш
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Агар касал олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра. Чунки касалнинг дуоси фаришталар дуосидек”, дедилар (Ибн Сунний ривояти).
Мунира МИРСАИДОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан