Аёлларга хос касалликлар ва эркак шифокор
Муҳаммад Таҳмаз “Ҳанафий фиқҳи янги қиёфада” номли китобида қуйидагиларни келтиради:
“Шу ерда биз савол беришимиз керак: бепуштлик – аёл кишининг эркак шифокор қаршисида яланғочланишига узр бўладиган дардми?”
Мен бу масалада шариатнинг бирорта очиқ-ойдин кўрсатмасини топа олмадим. Бироқ мен, ҳанафий мазҳаби фақиҳларининг қарашларига кўра, унинг жоиз эмаслигини хулоса қилиш мумкин, деб ўйлайман. Ҳанафийлар аёлдаги касалликларни унинг жинсий аъзолари ва тананинг бошқа аъзоларидаги ўрнига кўра иккига ажратишади. Шунга биноан, аёлнинг ҳаёти хавф остида қолиши ёки чидаб бўлмас даражадаги оғриққа йўлиқишидан бошқа ҳолатларда аёлларга хос касалликларни даволаш учун эркак шифокорга рухсат берилмайди.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Китаб алжавҳара”дан қуйидагиларни иқтибос қилиб келтиради: “Агар дард аёлнинг жинсий аъзоларидан бошқа ерида бўлса, у ҳолда даволаш учун эркак шифокорнинг унга қараши жоиз. Чунки бу зарурат тақозосига кўрадир. Аксинча (дард жинсий аъзоларда) бўлса, шифокор бирор аёл (мутахассис)га уни қандай даволашни ўргатиши лозим. Бордию шундай аёл (мутахассис) топилмаса ҳамда бемор ҳаёти хавф остида қоладиган ёки оғриққа чидаш имконсиз бўлганида, эркак шифокор аёлни даволаши мумкин. Бунда аёл танасининг муолажа қилинадиган ўрнидан бошқа ҳамма қисми (ёпиқ, берк) тўсилган бўлиши шарт” (“Раддул муҳтор”, 5-жуз).
Биз ҳанафий фақиҳларининг фикрларига таянган ҳолда, аёллардаги бепуштликни эркак шифокорлар даволаши масаласига оид ҳукмни ифода этмоғимиз лозим. Уларнинг қарашларига кўра, аёлнинг бепуштликка даво истаб, эркак шифокор қаршисида яланғочланиши жоиз эмас. Чунки бепуштлик ҳаётни хавф остида қолдирадиган ёки чидаб бўлмас оғриқли касалликлар сирасига кирмайди. Қолаверса, бу қарашлар кўрик учун поликлиника-шифохоналарга тез-тез қатнайдиган ҳомиладор аёлларга тегишли қонун-қоидаларни ҳам белгилаб олишга ёрдам беради. Ҳолбуки, уларнинг ҳаётларига хавф туғдирадиган ёки қаттиқ оғриқ берадиган бирор нарса йўқ. (Шу маънода, уларнинг бирор жиддий сабабларсиз ҳар хил кўрик ва текширувлар учун (эркак) шифокорлар ҳузурига қатнашлари дуруст эмас.)
Ҳозирги даврда одоб-ахлоқнинг оммавий сустлашиб кетиши бизни ҳанафий уламоларнинг қарашларини маъқуллашга ундайди, айниқса, Ислом эҳтиёт бўлишга буюрган масалаларда”.
Абдулазиз РАҲМИДДИН таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан