Зиддиятлардан чиқиш йўллари
Эр-хотин, қайнона-келин, раҳбар-ишчи орасида вақти-вақти билан зиддиятли вазиятлар бўлиб туриши бор гап. Аммо мана шу зиддиятларни деб оилани бузиш, ишдан бўшаш, уришиш ярамайди. Бундай вазиятлардан оқилона чиқиб кетган афзал.
Буни мисоллар билан тушунтираман. Масалан, раҳбар:
– Сизнинг бу ишингиз тўғри эмас – деса, сиз:
– Ҳа, сиз ҳақсиз. Бу ишим тўғри бўлмаслиги мумкин. Аммо мен бу ишни…(айнан нима учун қилганингизни фактлар асосида қизишмай тушунтирасиз).
Агар раҳбарга: “Йўқ, ундай эмас”, дея тушунтиришни бошласангиз, гапингизни эшитмайди. “Йўқ” сўзидан сўнг тўсиқ қўйилади ва суҳбат узилиб қолиши, зиддиятга айланиши мумкин. Ҳар қанча нотўғри фикр бўлса-да, “ҳа, тўғри…”, “ҳа, ҳақсиз…”, “ҳа… маъқул…” сўзлари билан бошланган қарши фикр зиддиятга, тушунмовчиликка йўл очмайди, эшитилади, керак бўлса, тасдиқланади.
Бирор фикрга, вазиятга нисбатан доимо қарши фикр, тутум бўлиши табиий ҳол. Аммо мана шу қаршиликлар, зиддиятлар билан ҳам муносабатларни сақлаб қолиш мумкин. Асосийси, зиддиятларни бартараф этиш йўлларини, ярашувчанлик санъатини ўзлаштириш кифоя.
Зиддиятларни бартараф этишнинг асосий усуллари
Иккала ҳамкор (эр-хотин, раҳбар-ишчи, қайнона-келин ва ҳ.к.) масъулиятни бирдек бўйнига олиши керак.
Муаммодан қочманг, бир-бирингизни танқид қилманг, тўғри мулоқотга ҳаракат қилинг, шахсиятга тегманг, баъзида хотиржамлик учун нимадандир воз кечишга тўғри келади, зиддият ва келишмовчиликлар доим бўлиб туришини табиий қабул қилинг.
Қисқа тавсиялар
– зиддият пайтида кулиб туринг. Жанжал чиқса, ҳазилга, юмшатишга ҳаракат қилинг;
– тана ҳаракати, ҳолатини ўзгартиринг: ўтиринг, туринг, хонадан чиқиб кетинг ёки сукут сақланг;
– эрингиз ёки қайнонангиз билан зиддият бўлаётган бўлса, уларни яхши кўришингизни айтинг; узр сўраш ва раҳмат айтишни ҳам унутманг.
Атир терапиясини тавсия этамиз
Бу усул, айниқса, аёлларимиз учун қўл келади. Хушбўй мойлар теридаги тешиклардан ўтиб, кайфиятни кўтаришга, умумий ҳолатни яхшилашга ва зиддиятларга нисбатан вазминликка сабаб бўлади.
Эсингизда бўлсин! Зиддиятли пайтда вазиятни қўлга ола билиш оқил инсоннинг ишидир. Сиз бу билан зиддиятни оқилона бошқарган бўласиз. Оилани сақлаб қолиш, орага совуқчилик туширмасликдек муҳим масала турганда, ғурурни четга суриб, ақлни ишлатинг! Донишманд инсонгина зиддиятни бошқара олади. Сиз тажрибали, донишманд аёлсиз.
Гавҳар ТЕШАБОЕВА, врач-психотерапевт
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан