Мақолалар

Киши исломининг гўзаллиги

Чоп этилди Yanvar 4, 2021 Киши исломининг гўзаллигиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши исломининг гўзаллиги – кераксиз нарсаларни тарк этишидадир” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадис қисқа бўлса-да, маъноси терандир. Ҳадисга риоя қилган мўмин нафсига таълим-тарбия беради. Разиллик ва иллатлардан сақланади. Дунё ишларида ўзи учун манфаатсиз, фойдасиз сўз ва амалларни тарк этиб, имонини комиллаштиради.

Кераксиз ва муҳим бўлмаган нарсалардан ўзини асраган киши ҳақиқий мўминдир. Набий алайҳиссалом бир ҳадисларида: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин”, деб таълим берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Киши ўзи учун муҳим ва керакли ишлар билан машғул бўлсагина, исломи гўзаллашади. Аксинча, кераксиз нарсалар билан банд бўлса, умри, ризқи ва вақтидан барака кетади. Қолаверса, соғлигига ҳам путур етади. Дарҳақиқат, баъзи инсонлар ўзларига алоқаси йўқ сўзларни гапириб юришлари ёки ўзлари учун муҳим бўлмаган саволларни кўп сўрашларига гувоҳ бўламиз. Бу уларнинг динлари сустлигидан далолат.

Шайх Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ: “Ўзига кераксиз нарсаларни тарк этмаган киши динида заифдир”, деган. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Уч нарса ақлни чархлайди: олимларнинг мажлислари, солиҳларнинг суҳбатлари ва кераксиз гапларни тарк этиш”, дея таъкидлаган.

Савол туғилади: “Кишининг ўзи учун кераксиз нарсаларни тарк этиши” деганда, амри маъруф ва наҳйи мункар ҳам тушуниладими? Жавоб шуки: “Йўқ, асло ундай эмас. Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш инсонга керакли ва тааллуқли амал. Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” (Оли Имрон сураси, 104-оят). Шу боис бирон киши ўзга бир инсонни мункар ишдан қайтариб: “Эй дўстим, бу ёмон амал, уни қилмаслик керак”, деса-ю, ҳалиги одам: “Сенинг ишинг бўлмасин” деса, хато қилади ва унинг бу раддияси қабул этилмайди. Сабаби, амри маъруф ва наҳйи мункар Ислом умматига фарздир.

Шунингдек, кишининг аҳли-оиласи ва фарзандларига тааллуқли барча нарсалар ҳам унинг учун муҳимдир. Яъни, оиласини яхшиликка чақиради, ёмонликдан қайтаради. Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Эй имон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳадис одоб қоидаларидан биридир”, деган (“Жомеъ улумил ҳикам”). Ҳамза Киноний раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадис Исломнинг учдан бирига тенг”, деган (“Танвирул ҳавалик”). Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий алайҳиссаломнинг ушбу ҳадиси оз лафзларда буюк маъноларни жамловчидир. Шунингдек, ушбу каломни у зот алайҳиссаломдан олдин (набийлардан) ҳеч ким айтмаган” (“Тамҳид”).

Санъоний раҳимаҳуллоҳ: “Бу сўз ва амалларни жамловчи набавий ҳадислардандир”, деган (“Сабилул ислам”). Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг сўзига кўра, ушбу ҳадис Исломнинг тўртдан бирига тенг. Айтаманки: “Исломнинг ярмига тенг ёки бутун бир ўзидир” (“Фатҳул мубин”).

Аллоҳ барчамизнинг динимизни гўзал қилсин!

Манбалар асосида “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта
махсус таълим муассасаси ўқитувчиси
Жозиба ЖАМОЛ қизи тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан