Мақолалар

Барча бунёдкорликлар асоси

Чоп этилди Yanvar 6, 2021 Барча бунёдкорликлар асосиda fikr bildirishni o'chirish

Онам раҳматли жуда кўп китоб ўқирди. Гоҳида тунги соат ўн икки бўлгунча мутолаа билан шуғулланарди. Эртаси куни ўқиганларини қўшниларга айтиб берарди. Қўшни аёллар кимнингдир уйидаги жанжални, кимнингдир қизи ёки келини ҳақида гап бошласа, онам дарҳол китобдаги энг қизиқ воқеалардан сўзлаб кетар, ўзига ёқиб қолган қаҳрамонлар тақдирини ҳаёт билан боғларди. Ўша кунлар ҳали-ҳамон эсимда. Қўшнилар онамни жуда ҳурмат қилишарди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Биз бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан, “Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин”», деган фикри барчамизни ҳушёрликка чорлайди.

Фарзандларимиз онгу тафаккурини “оммавий маданият” таҳликаларидан асраб-авайлашда китоблар, яхши бадиий асарлар яқин ёрдамчимиздир. Лекин машҳур ёзувчимиз айтганидек: “Ота-оналар фарзандларига “Китоб ўқи!” деса-ю, аммо ўзлари китоб ўқимаса, роман ёки эртак китоб сотиб олмаса, болалари улардан қандай ўрнак олиши мумкин? Уларни қандай қилиб китобга ошно қилиши мумкин?”

Китоб – қалб чироғи, тафаккур қаноти, беминнат дўстдир. Босма китобдан таралаётган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб варақлаш асносида саҳифаларнинг сирли шитирлашидан қалб завққа тўлган ҳолда мутолаа қилиш, унинг мазмун-моҳияти ҳақида фикрдошлар билан мулоҳаза юритишнинг завқи ўзгачадир.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида “Ардам баши – тил” (“Барча фазилатларнинг боши тилдир”) деган мақол бор. Юсуф Хос Ҳожиб эса тилни билим ва ақл-идрок таржимони деб атайди. Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, “Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақлидрокнинг, илму донишнинг асосидир”.

Бироқ кейинги вақтларда… айрим ёзувчи ва шоирларнинг асарлари мазмуни, руҳиятида чет эл ҳаётига тақлид сезилмоқда. Чет давлатлардан кириб келаётган кинолар, асарлар, либослар, яшаш тарзига нисбатан иштиёқ кучаймоқда. Инсон онги ва қалби учун кураш кетаётган даврда бу ҳолатга жиддий эътибор қаратиш лозим. Бадиий асарлар халқчиллигини ошириш, ривожланган ахборот асри ҳамда ғоявий хуружлар даврида китоб ўқишнинг фазилатларини мунтазам тарғиб қилмоғимиз, китобхон мамлакат мақомига етишга интилмоғимиз керак.

Сайёра ТЎРАЕВА,

Сурхондарё вилояти

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан