Мақолалар

Соғлиқни асраш – вожиб

Чоп этилди Yanvar 11, 2021 Соғлиқни асраш – вожибda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 1996 йил 9 июндаги “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари ҳақида”ги фатвосида “Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Ушбу бўлак соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади ва гуллаб-яшнайди.

Шаръий никоҳдан ўтиш учун динимизда келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир неча шарт ва одоблар бор. Уларни, айниқса, никоҳ ўқувчилар яхшилаб билиб олиши ва амал қилиши зарур”, дейилган. Шаръий никоҳдан ўтиш учун Ислом динида никоҳдан ўтувчининг соғлом эканини текширтириб олиши никоҳ одобларидан саналади. Чунки сўнгги пушаймон ўзларига душман бўлиб, ёш оилалар ажрашиб кетиши, гўдак лар етим қолиши, оилалар орасига совуқчилик тушиши сингари нохуш ҳолатлар учрамоқда.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказилишдан мақсад соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароит яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар дунёга келишининг олдини олишдир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахс ларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори имзоланган ва тегишли вазирликлар ва идораларга меъёрий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштириш буюрилган.

Мазкур қарорга мувофиқ, никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ органлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли тиббиёт муассасаларига юборилиши, қарорнинг II-банди “Тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби”нинг 25–27-моддаларида никоҳланувчи шахсларни ОИВ/ОИТСга текшириш ва уларга тегишли хулоса бериш тартиблари кўрсатиб ўтилган.

2013 йил 23 сентябрда Адлия вазирлигидан 353-рақам билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15­моддаси “Мажбурий равишда ОИВга текширувдан ўтказиш” тўғрисидаги бандида “Эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар мажбурий равишда ОИВга текширувдан ўтказилиши белгиланган”.

Яъни, эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахсларнинг қон намуналари ким билан никоҳдан ўтишидан қатъи назар, ОИВ инфекциясига текширилган бўлиши шарт. Бу қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларида белгиланган талабларнинг моҳиятини ҳар бир никоҳланувчи шахс онгли равишда англаб етиши лозим. Қолаверса, уларни никоҳлаб қўядиган имом домлалар ҳам бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари мақсадга мувофиқ. Зеро, ўзимиз ва оиламиз саломатлигини асраш бурчимиздир.

 Акмал БАҲРОМОВ,

Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази бўлим мудири

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан