Мақолалар

Индонезиянинг тележурналистлари Ўзбекистондаги зиёрат туризми бўйича туркум кўрсатувлар тайёрлайди

Чоп этилди Aprel 21, 2019 Индонезиянинг тележурналистлари Ўзбекистондаги зиёрат туризми бўйича туркум кўрсатувлар тайёрлайдиda fikr bildirishni o'chirish

Айни вақтда, Ўзбекистонда Индонезиянинг «Trans 7» телеканали вакиллари меҳмон бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Trans 7» Индонезиядаги энг йирик медиахолдинглардан бири бўлиб, унинг таркибида бир қанча веб-сайт, газета ва телеканаллар мавжуд.

Биргина Youtube каналида беш миллион аъзога эга телеканал вакиллари Ўзбекистоннинг зиёрат туризми ва сайёҳлик борасидаги имкониятлари ҳақида Hijab Traveling оммавий шоу-дастури учун туркум кўрсатувлар тайёрламоқда.

Маълум бўлишича, улар бу дастурда Ўзбекистоннинг вилоятларидаги мавжуд масжид, мадраса ва ресторанлар ҳақида сўз юритади. Бу эса ҳар бири 30 дақиқа давом этадиган беш қисмли ҳужжатли фильмда жамланади.

Унинг дастлабки икки қисмини рамазон кунлари бошлангунга қадар томошабинлар эътиборига ҳавола этиш мўлжалланмоқда. Тасвирга олиш ишларининг сўнгги кунлари Тошкент вилоятида олиб борилмоқда. 20 апрель куни тасвирчилар Паркент туманидаги «Ҳазрат Али» зиёратгоҳида бўлди.

«Ривоятларга кўра, ҳазрат Али бизнинг юртларимизга ислом динини тарқатиш учун келган ва ибодат олдидан таҳорат олмоқчи бўлганларида сув топилмаган экан, – дейди зиёратгоҳ иш бошқарувчиси Ҳасан Ғиёсов. – Шунда Аллоҳдан булоқ пайдо қилишини сўраганлар. Сўнгра беш бармоқларини ерга урганларида бешта булоқ чиққан. Улар ҳозир ҳам мавжуд. Иккитаси бир жойда, қолгани бошқа жойда жамланган. Шунда ҳассасини ёнига қўйиб, намоз ўқиган. Кейин жангга жўнаб кетган. Жангда ғолиб бўлиб, олти ойдан кейин шу ердан қайтаётиб, ҳассаси кўкариб турганига гувоҳ бўлди. Шунда ‘Бизнинг ниятимиз амалга ошди, бу ерга келган ҳар бир инсонни орзуси амалга ошсин’, дея дуо қилган эканлар. Яна бир афсонага кўра, авлиё булоқ деб аталадиган ушбу булоқдан Ҳазрат Али ўзининг Дулдул лақабли отларини суғорганлар.»

2010 йилда чинор ёнида масжид қурилган. 2014 йилда қайта таъмирланиб, атрофида намозхона, таҳоратхона, зиёратчилар учун овқатланиш шохобчаси қурилган.

Тоғли ҳудудда жойлашган бу зиёратгоҳ, денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган бўлиб, ўзининг кўркам табиати билан зиёрат ва экотуризм талабларига мос келади. Ундаги яна бир қизиқ, келиб кўришга арзийдиган ёдгорлик, бу – мармартошдан ясалган Қуръони каримнинг улкан тасвири ҳисобланади.

Hijab Traveling оммавий шоу-дастури ижодкорлари Бўстонлиқ туманидаги бир қатор зиёратгоҳ ва қадимий обидаларни суратга олишни режалаштирган.