Мақолалар

Биз қачон шу аҳволга тушиб қолдик?

Чоп этилди Yanvar 30, 2021 Биз қачон шу аҳволга тушиб қолдик?da fikr bildirishni o'chirish

Бугун шундай замонда яшаяпмизки айримлар молу дунёга муккасидан кетиб, ҳалоллик, имон-эътиқод, дину диёнатни унутиб, тап тортмай, қулоқларигача гуноҳга ботишяпти.

Бировнинг ҳақига хиёнат қилиш оддий ҳолга айланиб қолди. Боз устига, энг нимжон инга (Анкабут сураси, 41-оят) қиёсланаётган интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тиқиштирилаётган “оммавиий маданият” номи остидаги беҳаёликлар, разилликлар имони заиф, маънавияти суст кишиларни йўлдан урмоқда. 

Қулоғимизга тез-тез “Бозорда тижорат қиладиган икки дўст пичоқлашибди”, “Фалончи танишидан иш сўраб борган экан, уни чет элга сотиб юборибди”, “Ишлатиб, “пешона тери”ни бермабди”, “Бир ота-онанинг фарзандлари келишолмаяпти”, деган гаплар чалинади. Ҳатто ор-номус, ҳамият, ғурур каби туйғулар бегона бўлган айрим кимсалар ҳамма айбни қилиб, ойнаи жаҳонга чиқиб, гўё ўзини “оппоқ қилиб” кўрсатишга уринмоқда. 

Хўш, биз қачондан бери шундай аҳволга тушиб қолдик? Жавоби оддий. Биз Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига итоат этмай қўйганимиздан бери аҳволимиз шу. Расулуллоҳдан ўрнак олмайқуйдик, саҳобаларнинг ҳаётларига қизиқмадик, улуғларимизга эргашмаяпмиз. Бунинг оқибатида ҳар хил иллатлар илдиз отяпти.

 Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 21-оятида марҳамат қилади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир».
Келинг, Сарвари коинотнинг сийратларига назар солайлик, шояд ибрат олсак. 

Саодат асрида Ибн Абу Сарҳ деган киши бўлган. У ҳазрат Усмоннинг кўкалдоши эди (Абу Нуайм, “Маърифатус саҳоба”, 3/160)

Ислом тарихида Ибн Абу Сарҳ номи билан машҳур бўлган бу одам Ҳудайбия сулҳидан сўнг Мадинага келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида имон келтириб, мусулмон бўлади. Бу ҳодиса ҳазрат Усмонни жуда қувонтиради.

Ўқиш-ёзишни билган Ибн Абу Сарҳга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий котиблиги вазифасини юклаганлар (Ибн Абдулбарр, “Ал-истиъоб”, 2/375; Ибн Ҳажар, “Ал-исоба”, 2/317.)Лекин бу бетамиз қисқа фурсатда ҳаддидан ошиб, мусулмон кишига ярашмайдиган сўзлар айта бошлайди. У ер-бу ерда: “Муҳаммад нималар ёздирганини ўзи ҳам билмайди. Мен хоҳласам, унинг ёздирганларини ўзгартиришим мумкин” (Абу Нуайм, “Маърифатус саҳоба”, 3/160), деб ғулдираб юради. 

Бу гаплари билан мунофиқларнинг тегирмонига сув қуяётган Ибн Абу Сарҳ олов билан ўйнашаётганини, бунинг оқибати ёмон бўлишини англаб, жуфтакни ростлаб қолади. Маккага етиб бориб, ўша ерда муртад бўлади. 

Ибн Абу Сарҳ қилган ишларидан асло пушаймон бўлмади. Макка фатҳ этилгач, Пайғамбаримиз томонларидан “Каъбапўшга беркиниб олган бўлса ҳам, топсангиз, ўлдиринг” буйруғи билан эълон қилинган “қора рўйхат”да у ҳам бор эди. 

Бу эълонни эшитган Ибн Абу Сарҳ қўрқиб кетиб, ҳазрат Усмоннинг ҳимоясига кирди. Ҳазрат Усмон унинг бу таклифини қабул қилиб, уни чодирига яширади. 

Кейинроқ уни Расулуллоҳнинг ҳузурларига келтириб, кечиришларини сўраган, лекин ижобий жавоб ололмаган. Ҳадеб кечиришларини сўрайверишдан чарчамаган ҳазрат Усмоннинг илтимосларини Набиййи муҳтарам охири қабул қиладилар. Шундан сўнг Ибн Абу Сарҳ қўйиб юборилади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан