Мақолалар

Енгил нажосатлар ҳақида

Чоп этилди Fevral 5, 2021 Енгил нажосатлар ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Енгил нажосат дейилишининг сабаби, улардан баъзи ўринларда фойдаланиш  мумкин эканлиги ҳақида ҳам насс, ҳужжат ворид бўлган. Бунга туябоқарлар ҳақидаги ҳадисни мисол қилиш мумкин. Айрим фуқаҳолар қуйидаги ҳадисга кўра туянинг сийдиги ҳалол бўлади, деб ҳукм чиқарганлар. Чунки мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларига келган беморларни байтул молнинг туяларини сути ва сийдигини ичиб даволанишга буюрган эдилар. Шунинг учун туя каби  гўшти ҳалол ҳайвонларнинг сийдиги ҳалол бўлади, деган хулосага келинган. Бу масала юзасидан ҳам уламоларимиз бир қанча ҳадислар ва уларнинг изоҳларини келтирганлар. Биз бу ерда мавзу чўзилиб кетишидан қочган ҳолда мазкур ҳадиси шарифлар ҳақидаги фиқҳий хулосаларни келтирмадик. Қисқаси  уларни енгил нажосат дейилади. Яъни ҳукми ҳам енгилроқ. Демак енгил турдаги нажосат кийимимизнинг то тўртдан бир  қисмигача эгалласа ана шундагина у кийим билан намоз ўқиб бўлмайди. Ундан камроқ қисмини масалан бешдан бир қисмини эгаллаб турса, у кийим билан намоз ўқиш жоиз бўлади. Аммо уни ҳам ювиб поклаб ўқиса афзал ва яхши бўлади. Бу ердаги бўлади дейиш умумий енгиллик учун айтилгандир.  Демак енгил нажосатлар қуйидагилардир:

Отнинг сийдиги, (айрим уламолар от гўштини ейилмайди деганлари учун от алоҳида келтирилмоқда) ва гўшти ҳалол чорва ҳайвонларининг сийдиклари, гўшти ҳаром бўлган паррандаларнинг ахлатлари кабилардир.

Паррандалар ичида товуқ масаласи алоҳида келган. Чунки у ҳам гўшти ҳалол паррандадир. Шундай бўлса-да унинг ахлати оғир нажосатдир. Уламоларимиз ўрдак ва ғоз каби паррандаларни ҳам товуқ ҳукми билан қиёслайдилар. Яъни уларнинг сийдик ва ахлатлари ҳам оғир нажосатдир. Мўминлар учун уларнинг ахлат ва сийдикларидан сақланишда ҳеч қандай танглик бўлмайди.

 

Тоҳир Воҳид,

Тошкент шаҳар “Умар ибн Хаттоб” жомеъ масжиди имом ноиби