Ҳорун ар-Рашидга девонанинг насиҳати
Ҳорун ар-Рашид ҳаж қилиш учун йўлга чиқиб, Куфа шаҳрида Алён деган эси паст кишига кўзи тушди. У қамишдан от қилиб миниб юрар, орқасидан эса болалар чопиб боришарди. У болаларга: “Ҳой, эҳтиёт бўлинглар, чопқир отим сизларга зарар етказиб қўймасин”, дерди.
Буни кўрган халифа Ҳорун ар-Рашид:
– Бу ким? – деб сўради.
– Бу эси паст бир одам, исми Алён, – деб жавоб беришди.
– Уни ҳузуримга олиб келинглар, – буюрди халифа.
Алённи халифанинг олдига олиб келиб: “Мўминлар амирининг чақириқларига жавоб бер!”, дейишди. Халифанинг ҳузурида бошини сарак-сарак қилиб турган Алёнга:
– Менга бир насиҳат қил!, – деди халифа.
– Сизга нима деб насиҳат қилардим, мана булар қасрлар, булар бўлса қабрлар, – деди. Ҳорун ар-Рашид йиғлади ва:
– Яна насиҳат қил, – деди.
Алён:
– Аллоҳ кимгаки мол ва жамол берган бўлса ва у жамоли хусусида ўз иффати, ор-номусини сақласа, молидан инфоқ қилса, яхшилар девонига ёзилади, – дея насиҳат қилди.
Шунда Ҳорун ар-Рашид хазинабонга:
– Унга ўн минг дирҳам бер, қарзи бўлса, узсин, – дея буюрди. Алён халифага жавоб бериб:
– Эй мўминлар амири! Молни ўз эгаларига беринг, ўз нафсингиз қарзини адо қилинг, бўйнингизни юкдан халос қилинг, – деди. Халифа:
– Эй Алён! Отга мин, сени Маккага олиб бораман – деди.
Алён ва халифа отга мингашиб саҳрода кетаркан, йўл яримлаб қолганида салқинлаш мақсадида бир жойга тўхтадилар. Шу аснода Алён қуйидаги мисраларни такрорларди:
Ўтар дунёни топширгил, ўлим келмасми-келмасми!
Надир дунё, узун соя сенга етмасми-етмасми!
Сен эй дунёни тўпловчи, кўриб дунёни мақбул сан,
Бугун кулдинг, басе, эрта йиғи тутмасми-тутмасми!
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби Абдулмажид ИСАҚОВ тайёрлади.