Мақолалар

Машҳур қироат имоми

Чоп этилди Fevral 10, 2021 Машҳур қироат имомиda fikr bildirishni o'chirish

Имом Ҳафс ибн Сулаймон машҳур қироат имомларидан. Тўлиқ исми: Абу Амр Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғира Куфий Баззоз. У зотни Ҳафс ибн Абу Довуд, шунингдек, Ҳуфайс деб ҳам аташган. Ҳижрий 90 (милодий 709) йили таваллуд топган. У Бани Асад қабиласининг мавлоларидан бўлиб, асли араб эмас.

Имом Ҳафс халифа Валид ибн Абдулмалик давридан то Ҳорун Рашид давригача яшади. Бу давр Мовароуннаҳр, Сийилия, Синд, Арманистон, Испания, қисман Франция каби кўплаб мамлакатлар фатҳ қилингани билан тарих саҳифаларидан жой олди. Қолаверса, ўша пайтда Куфа илммаърифат марказига айланган бўлиб, у ерда турли соҳаларда кўплаб олимлар етишиб чиқди. Жумладан, Куфа қозиси Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, муҳаддис Муоз ибн Муслим, Жаъфар Содиқ, Али ибн Ҳамза Кисоий, Абу Жаъфар Руасий каби забардаст олимларни мисол тариқасида келтириш мумкин. 

Имом Ҳафс етти машҳур мутавотир қироат имомларидан бири Осим ибн Абу Нажуднинг ровийси бўлган. Имом Осим Ҳафснинг онасига уйлангач, унга оталик қилади. Ҳафс ҳаёти давомида Осимга, яъни ўгай отасига кўп марта Қуръонни ўқиб берган. Албатта, бу ҳолат Ҳафснинг қироат илмида етук мутахассис бўлиб етишувида муҳим ўрин тутади. 

Уламолар Ҳафсни ҳифзда Абу Бакр ибн Айёшдан ҳам устун деб билишган. Ҳафс кўп йиллар қироатдан таълим бериб келади. Айниқса, Бағдодда катта жамоат ундан қироатни таълим олади. Шунингдек, Ҳафс Маккада ҳам одамларга таълим берди. 

Муҳаммад ибн Саъд Авфий айтади: “Бизга Ҳафс ибн Сулаймон сўзлар эди. Агар уни кўрганингизда, кўзингиз ундаги фаҳм ва илм сабабли нурга тўлган бўларди”. 

Яҳё ибн Маъин айтади: “Осимдан қилинган энг тўғри ривоят – Абу Умар Ҳафс ибн Сулаймоннинг ривояти”. 

Ҳафснинг қироатдаги Осимдан олган санади Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳуга бориб тақалади. Ҳафсдан ривоят қилинишча, у Осимга: “Абу Бакр мендан бошқача ўқияпти”, деди. Шунда Осим: “Сени Абдураҳмон Суламийнинг менга ўргатган қироати бўйича ўқитдим. У қироатни Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан олган. Абу Бакрни эса Зирр ибн Ҳубайш менга ўргатган қироат бўйича ўқитдим. У қироатни Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан олган”, деб жавоб берди. 

Ҳафс ибн Сулаймон қироатни Осим ибн Абу Нажуддан, у Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Суламийдан, у Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабул қилиб олган. Яъни, Ҳафс билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўртасида учта ровий бор, холос. 

Ҳафсдан Амр ибн Саббаҳ, укаси Убайд ибн Саббаҳ, Абу Шуайб Солиҳ ибн Муҳаммад Қаввос, Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Воқид, Абу Шуайб Қаввос, Халаф Ҳаддод ва бошқалар қироат илмини ўрганишди. 

Шунингдек, Ҳафс ҳадис ривояти билан ҳам шуғулланган. У Осим ибн Нажуд, Алқама ибн Марсад, Собит Бунаний, Абу Исҳоқ Сабиъий, Касир ибн Зозон, Муҳориб ибн Дисор ва бошқалардан ҳадис ривоят қилди. Бакр ибн Баккор, Одам ибн Абу Иёс, Ҳишом ибн Аммор, Амр Ноқид ва бошқалар Ҳафсдан ривоят қилишган. Ҳадис илмининг аксар уламолари Ҳафсни ҳадис ривоятида заиф санашган.
Жумладан, Имом Бухорий: “У ривоят қилган ҳадислар олинмаган”, деса, Имом Муслим: “(Ҳадисда) ишончли эмас”, дейди. Шунга қарамай, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можалар Ҳафсдан тахриж қилиб, ҳадис ривоят қилишган. 

Имом Ҳафс ҳижрий 180, милодий 796 йилда 90 ёшида вафот этади. 

Дастлаб ҳар бир имомнинг қироати ўзи яшаб ўтган ҳудудда тарқалган. Имом Ҳафс кўп шаҳарларда бўлгани ҳамда ўзлаштириш жиҳатидан осон ва енгиллиги сабабли унинг қироати кенг тарқала бошлади. Натижада Ҳафс ибн Сулаймоннинг Имом Осим Куфийдан қилган ривояти энг машҳур ва кенг тарқалган қироатлардан бўлиб қолди. Жумладан, Марказий Осиё, хусусан, юртимизда ҳам неча асрлардан буён Қуръони карим Ҳафснинг қироати асосида ўқитиб келинади. 

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, усмонийлар халифалиги даврида мусҳафлар Ҳафснинг Имом Осимдан қилган ривоятидаги қироати асосида нашр қилиб тарқатилган. Шу қироат асосида ўқиш ва таълим бериш йўлга қўйилган. Усмонийлар халифалигидан кейин ҳам баъзи мусулмон мамлакатларида мусҳафлар Ҳафснинг Имом Осимдан қилган ривоятидаги қироатга мувофиқ нашр этилди. Натижада бу қироат дунёда энг кенг тарқалди.


Жаҳонгир РЎЗИЕВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири 

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан