Мақолалар

Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлиши

Чоп этилди Fevral 22, 2021 Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлишиda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ  أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى الظُّهْرَ خَمْسًا، فَقِيلَ لَهُ: أَزِيدَ فِي الصَّلَاةِ؟ فَقَالَ: وَمَا ذَاكَ؟ قَالَ: صَلَّيْتَ خَمْسًا، فَسَجَدَ سَجْدَتَيْنِ بَعْدَ مَا سَلَّمَ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ مِثْلُكُمْ أَذْكُرُ كَمَا تَذْكُرُونَ، وَأَنْسَى كَمَا تَنْسَوْنَ. ثُمَّ سَجَدَ سَجْدَتَيِ السَّهْوِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракат ўқидилир. Бас, у зотга:

«Намозда зиёда бўлдими?» дейилди.

«Нима учун?» дедилар.

«Беш ракат ўқидингиз», дедилар.

У зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар».

Бошқа бир ривоятда келишича:

«Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Сизлар эслагандек, эслайман ва сизлар унутгандек, унутаман», дедилар ва сўнгра икки саҳв саждасини қилдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан унутиш сабабли Пешинни беш ракат ўқиш содир бўлганлиги.

2. Саҳобаи киромларнинг юксак одоблари. «Намозда адашдингиз» демасдан, «Намозда зиёда бўлдими?» дейишлари.

3. Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлиши.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқаларга ўхшаш башар эканликлари.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

islom.uz