Мақолалар

Тавҳид нима?

Чоп этилди Aprel 24, 2019 Тавҳид нима?da fikr bildirishni o'chirish

Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга кириш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсадидир. Ушбу улуғ ниятга эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини бажариш билан эришилади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам, У зотни танишнинг асоси ҳам ақоид илмида мужассам. Шу боис, у илмларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади.

Сирожиддин Ўший (раҳимаҳуллоҳ) мотуридия таълимотининг машҳур уламоларидан. Олимнинг эътиқод илмига оид “Бадъул амолий” асари мухтасар ва лўнда ҳамда кенг қамровлилиги билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Асарнинг алоҳида хусусиятларидан бири аҳли сунна вал жамоа эътиқодий қарашларини ўрганиш ва ёдда сақлаш қулай бўлишини кўзлаб, назмий услубда ёзилганидир.

Ўший (раҳматуллоҳи алайҳ) асарини “Сўз бошлар имлолар бошида банда. Дурлардек назм-ла тавҳид ҳақинда” байти билан бошлайди. Зеро, мусулмоннинг ҳар бир айтадиган сўзи аҳамиятлидир. Чунки банда уч нарсадан: тил, қалб ва барча аъзоларидан масъулдир.
Мўмин ушбу аъзоларнинг ҳар бири билан қилинган ишдан қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилинади. Аъзоларининг энг хатарлиси тил бўлиб, ҳар бир мукаллаф, ақли расо инсон тили талаффуз этган сўзларни фаришталар ёзиб боради. Сўзларнинг энг афзали шаҳодат калимаси, сўнгра барча ишларда фақат рост гапиришдир. Энг ёмон сўз Аллоҳ таолога ширк келтирувчи ва куфр гапларни айтиш. Кейин эса ёлғон, ғийбат ва чақимчилик каби сўзлардир. Шунинг учун ҳар бир мўмин тилига эътиборли бўлиши лозим.

Банда масъул бўлган иккинчи аъзо – қалб.

Қалбнинг иши мутлақо эътиқод қилишдан иборат. Тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъи назар, қалб боғланган тушунча “эътиқод” ва “ақида” деб номланади. Шунинг учун қалб ҳеч қачон ақидасиз бўлмайди. Яъни, мўминнинг ақидаси имон, кофирнинг ақидаси куфр бўлади. Ўзини гўё ҳеч нарсага имон келтирмайдиган деб ҳисоблайдиган кимсанинг ақидаси имон келтириш лозим бўлган нарсаларни инкор этишдан иборат.
Қалбга тааллуқли муҳим ишлардан бири ният. Бажарилаётган амалларнинг савобга эга бўлиш ёки бўлмаслиги ниятга боғлиқ.
Аллоҳ таолога ва У нозил қилган барча нарсаларга имон келтириш ақли расо мўмин зиммасига фарздир.
Банда масъул бўладиган нарсанинг учинчиси – қолган барча аъзолар. Мўмин фарз, нафл, мубоҳ амалларни ҳам, гуноҳу маъсиятларни ҳам аъзолари билан амалга оширади.

Тавҳиднинг луғавий ва истилоҳий маънолари

“Тавҳид” сўзи луғатда “яккалаш”, яъни бир нарсага яккаю ёлғизлик нисбатини бериш ва унинг кўп ададда эканини инкор этиш маъноларини англатади. “Қомусул муҳит” китобида: “Тавҳид ёлғиз Аллоҳга имон келтиришдир”, дейилган. Тавҳиднинг истилоҳий маъноси тўғрисида бир қанча ажойиб таърифлар бор. Мулла Али Қори (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Абадий барҳаёт Зотнинг яккаю ягоналигини тасдиқлаш тавҳид деб аталади”[1].
Муҳамммад Анвар Бадахшоний (раҳимаҳуллоҳ) “Ақидатут Таҳовий”нинг шарҳида тавҳидга бундай таъриф берган: “Инсон Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг барча кўринишидан ўзини сақлаб, Парвардигорни зоти, сифатлари, феъллари, исмлари, ҳукмларида шериги йўқ, яккаю ёлғиз эканига эътиқод қилиши тавҳиддир”[2].
Ушбу таърифдан Аллоҳ таоло ҳақида қуйидагича эътиқод қилиш лозимлиги келиб чиқади:
– Аллоҳ таоло борлиқдаги бирор нарсага ўхшамайди ва Унинг бирор нуқсону камчилиги йўқ;
– Парвардигорнинг исм ва сифатлари Қуръони карим ва ҳадисларда баён этилган;
– Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг ҳақиқати қандай эканини билишдан барча халойиқ ожиз. Ақоид уламолари илоҳиёт бобидаги масалаларни иккита асосга боғлаб тушунтиришади:
– Аллоҳ таолонинг борлигига имон келтириш;
– Аллоҳ таолонинг бирлигига имон келтириш.
Аллоҳ таолонинг борлигига далиллар махлуқотларнинг ададларичадир. Бу далиллар икки қисмга бўлинади:
– Барча махлуқотларда мушоҳада этиладиган далиллар;
– Пайғамбарлар олиб келган далиллар.
Банда Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ҳеч бир нарсага ўхшамаслиги, Унинг бирор нуқсону камчилиги йўқлигига қатъий эътиқод қилмагунича мўмин бўла олмайди. Қуръони каримда айтилади: “Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва Кўрувчидир” (Шўро сураси, 11-оят).
Шунингдек, мўмин Аллоҳ таолонинг исмсифатлари ҳақида Қуръон ва ҳадисларда баён этилганидек эътиқод қилиши лозим. Бу ҳақида қуйидаги ривоятлар келган: «Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло Ўзи васф этганидан ёки Расули васф қилганидан ўзгача сифатланмайди. Қуръон ва ҳадидаги баёндан ташқарига чиқилмайди”.
Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг устози Нуайм ибн Ҳаммод айтади: “Ким Аллоҳни Унинг яратган нарсасига ўхшатса, кофир бўлибди. Ким Аллоҳ Ўзи ҳақида васфини ёки Расулининг У ҳақидаги васфини инкор этса, кофир бўлибди. Аллоҳ Ўзини сифатлаган нарсада ва Расули Уни сифатлаган нарсада ўхшаш ҳам, тенг ҳам йўқдир”.
Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масалаларни қисқа ва содда сўзлари билан тушунтириб қўйган:

Кўнгилда кечса, кўзга тушса ҳар шай,
Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.

* * *
Удур ҳоким, ки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас.

Яъни, Аллоҳ таоло инсоннинг кўнглига келган ва тасаввур этган барча нарсалардан Олийдир. Чунки банда замон ва макондаги нарсаларни тасаввур этади. Аллоҳ таоло эса замон ва маконнинг ичида эмас, балки уларни йўқдан бор қилган Зотдир. Мўмин Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг ҳақиқати нимадан иборат эканини била олмаслигига қатъий эътиқод қилиши ҳамда уларнинг қандай эканини билишга уриниб, баҳс қилмаслиги лозим. Зеро, бунинг фойдаси ҳам йўқ. Чунки бирор нарсадаги сифатнинг ҳақиқатини тўлиқ билиш учун ўша сифат эгасини тўлиқ англаш керак. Аллоҳ таолонинг зоти қандай экани эса сўралмайди. Шунинг учун Аллоҳ таолодаги сифатларнинг асл моҳияти нимадан иборат эканини сўраш ҳам дуруст эмас. Балки: “Аллоҳ таолонинг комил сифатлар билан сифатланганига ва нуқсонлардан холи эканига имон келтирдим”, дейиш лозим бўлади.

[1] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. Истанбул: “Дор Саодат”, 1962. 10-бет.

[2] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхийсу шарҳи ақидатит Таҳовий. Карачи: “Замзам бабилшарз”. 1415 ҳ. 24-бет.

Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир АБДУР РАҲИМ тайёрлади.